Ўзбекистон | 07:43 / 03.03.2022
2120
2 дақиқада ўқилади

«Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони таъсис этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони таъсис этилади. Қуйидагилар: “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низом; “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари тасдиқланади.

Марказий банк “Давлат белгиси” давлат унитар корхонасига Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси буюртмасига асосан “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тайёрлаш тавсия этилади.

“Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши инобатга олинади.

Кўкрак нишони билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишда алоҳида ташаббус кўрсатган (дарахт экиш, уни парваришлаш ва муҳофаза қилиш, бунда ҳудудлар иқлимига мос ноёб дарахт ва буталарнинг янги навларини яратиш, маҳаллийлаштириш, етиштириш, оғир иқлим шароитларида, чўллар ва даштларда яшил ҳудудларни барпо этиш) ва самарали натижаларга эришган фуқаролар тақдирланади.

Вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, маҳаллий ҳокимият органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа манфаатдор шахслар ҳар йили 1 апрелга қадар кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Давлат экология қўмитасига тақдим этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид