Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Air Manas Тошкентга парвозларни қайта тиклади
Қирғизистоннинг Air Manas авиакомпанияси бугун узоқ танаффусдан сўнг Бишкек – Тошкент – Бишкек йўналиши бўйича илк парвозни амалга оширди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар бермоқда.
4 март куни маҳаллий вақт билан соат 10:05 да Air Manas авиакомпаниясининг самолёти Тошкент аэропортига қўнди. Анъанага кўра, самолёт сув аркаси билан тантанали равишда кутиб олинди. Орадан бир соат ўтиб, соат 11:15 да самолёт бортида 144 нафар йўловчи билан Тошкент – Бишкек йўналиши бўйича жўнаб кетди.
Март ойи давомида парвозлар душанба ва жума кунлари чартер асосида амалга оширилади. Ёзги жадвалга ўтиш муносабати билан Air Manas авиакомпанияси Бишкек –Тошкент – Бишкек йўналиши бўйича мунтазам қатновларга ўтишга умид қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, авиаташувчи Ўзбекистонга деярли икки йил давомида парвоз қилмаган – парвозлар 2020 йилда пандемия сабабли тўхтатилган эди.