Ўзбекистон | 17:40 / 04.03.2022
15574
4 дақиқада ўқилади

Қизларни кўча безориларидан ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳа ишлаб чиқилди

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хотин-қизларга кўчадаги шилқимлик ва таъқибдан вақтинчалик хавфсиз жой топишга имкон берувчи “Умидани чақиринг” деб номланган лойиҳа ишлаб чиқди.

Фото: БМТ Тараққиёт Дастури

Бугун, 4 март куни БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида бизнес вакиллари иштирокида “Умидани чақиринг” пилот лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳа – кўчада таъқиб ва шилқимликка учраган хотин-қизларга вақтинчалик хавфсиз бошпана беришга имкон берувчи норасмий механизмга айланиши мақсад қилинган.

“Кўчадаги шилқимлик – бу кўча-кўйда, савдо марказларида, жамоат транспортида ва бошқа шу каби одамлар билан гавжум жойлардаги тегажоғлик, шаҳватли имо-ишоралар, ҳуштакбозлик, таъқиб қилиш, шилқимлик каби ҳаракатлар. Бу глобал иллат бўлиб, ундан бутун дунё аёл-қизлари азият чекмоқда. Франция, Нидерландия, Филиппин ва Тожикистон каби айрим мамлакатларда бундай хатти-ҳаракатлар қонун билан тақиқланган. Бошқа кўплаб мамлакатларда эса ижтимоий масъулиятга асосланган норасмий ҳимоя механизмларини яратиш бўйича жамоатчилик ташаббуслари мавжуд.

Кўпинча, таъқибчининг кетишини кутиб туриш учун вақтинчалик бошпана топиш ёки йўлида давом этиш учун ҳамроҳ чақириш имкониятига эга бўлиш кўчадаги шилқимлик муаммосини ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин”, дея таъкидланди тадбирда.

“Умидани чақиринг” лойиҳаси қандай ишлайди?

Бу лойиҳа хусусий сектор билан ҳамкорликда ишлайди. Ҳозирча Ўзбекистондаги машҳур брендлар: Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи, Testo by Zamira & Co., YaponaMama, Caravan Group ресторанлар тармоғи, Steam Bar, Turka Saray, GroundZero коворкинг марказлари, CyberArena компютер клуби, Asklepiy Group дорихоналар тармоғи, TEAMS университети, IT Park бу лойиҳага қўшилган.

Лойиҳанинг махсус стикерлари юқоридаги тадбиркорлик субъектларининг биноларига ёпиштириб чиқилади ва бу таъқибга учраган қизлар шу ерда ўзларини хавфсиз ҳис қилишлари мумкинлигини англатади.

Лойиҳанинг алоҳида веб-сайти ҳам ишлаб чиқилган, унда кўча безорилигига дуч келган қизлар хавфсиз бўлиши мумкин бўлган манзиллар харитаси кўрсатилган, қандай қилиб лойиҳадан фойдаланиш мумкинлиги тушунтирилган.

Тасаввур қилинг, сизга кўчада шилқимлик қилишди

Лойиҳа стикери ёпиштирилган локациялардан бирига ёки CallUmida.uz сайтидаги локациялардан энг яқинига мурожаат қилинади.

Бу локациядаги қўриқлаш ходимлари ёки исталган бошқа ходимдан ёрдам сўраш мумкин. Махфийлик керак бўлган ҳолатларда “Умидани чақиринг” сирли жумласидан фойдаланилади. Ходим кўча таъқибига учраган қизни хавфсиз жойга олиб ўтиши, қўшимча чиқиш йўли орқали чиқариб юбориши, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларини ёки яқинларини чақиришда ёрдам бериши мумкин.

Агар яқин атрофда “Умидани чақиринг” лойиҳаси ҳамкорлари бўлмаса, хотин-қизлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларини ёки яқинларини чақиришлари мумкин. Шунингдек, кўчадаги бошқа инсонлар ҳам уларга ёрдам қўлини чўзиши мумкин.

Фото: БМТ Тараққиёт Дастури

Барча ходимлар хабардор қилинади

Лойиҳа тақдимотида маълум қилинишича, бир ой вақт давомида “Умидани чақиринг” лойиҳасига қўшилган бизнес субъектларининг барча ходимлари хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш бўйича ўқитилади.

Ходимлар фақат хотин-қизлар хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради, уларга қўшимча саволлар бериш, маслаҳат бериш тақиқланади.

Мавзуга оид