Ўзбекистон | 15:47 / 05.03.2022
8823
2 дақиқада ўқилади

Учқудуқ ҳокимлиги мансабдорлари давлат имтиёзини суиистеъмол қилгани аниқланди

Аслида туманда яшамаган 33 нафар шахсга тумандаги маҳаллаларда яшаганлиги тўғрисида сохта далолатномалар расмийлаштирилиб, шундан 25 нафарини олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга киритишган. Бунинг оқибатида давлат бюджетига 650 млн сўм зарар етган.

Президентнинг 2017 йил 25 апрелдаги “Навоий вилоятининг олис чўл туманларида аҳоли турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида олис чўл ҳудудида камида уч йилдан ортиқ яшаган шахслар олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида қабул қилиниши белгиланган. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хабар беришича, агентлик томонидан мазкур қарор талабларининг ижроси юзасидан Учқудуқ туманида ўрганиш ўтказилган.

Ўрганишлар давомида Учқудуқ туман ҳокимининг собиқ ўринбосари ва бошқалар 33 нафар шахсга чўл ҳудудида жойлашган Йўлчилар, Кўкпатас ва Кўкаяз овулларида уч йил давомида яшаганлиги тўғрисида сохта далолатномалар расмийлаштириб берганлиги аниқланган. Мазкур шахсларнинг 25 нафари ОТМларга давлат гранти асосида ўқишга кирган. Оқибатда ҳокимлик мансабдорлари ушбу талабаларнинг грант асосида ўқиши учун амалда 650 млн сўм бюджет маблағларининг сарфланишига сабабчи бўлган ва давлат манфаатларига кўп миқдорда зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан ҳокимлик мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид