Жамият | 14:30 / 06.03.2022
21769
2 дақиқада ўқилади

“Каптарлар отаси” – қушларни севувчи нафақахўр

Бухоролик Жаъфар Ҳожиев – етмишга яқинлашиб қолган нафақахўр. У қушларни ўз яқинларидек парваришлайди. Айниқса, қўлдан дон ейдиган, одамлардан чўчимайдиган каптарлари машҳур. 

Жаъфар Ҳожиев Бухоро шаҳридаги “Чор Бакр” тарихий-меъморий мажмуасида хўжалик ишларига қараб юради, ҳам азон айтади. Бу ерда ишлаётганига 7 йилдан ошган. У қушларни, жониворларни жуда яхши кўради. Ҳозир 15 турдан ортиқ қушлари бор, уларни кунига 2-3 маҳалдан ўзи овқатлантиради. Одамлар мажмуага, айниқса, қўлга ўрганган каптарларни кўриш учун келади.

Нафақахўр “Чор Бакр”га қушлар 3 йил олдин олиб келинганини айтади.

“Асли куёвим қушларга ишқибоз. У киши бизга 20 дона каптар келтириб берганди. Шундан кейин буларни аста-секин одамларга қўндирадиган даражада ўргатганман. Ўргатиш қийин эмас. Фақат 1-2 кун оч қолдириб, ўзингизга ўргатишингиз керак”, – дейди у.

 Ҳозир бу ерда 50дан зиёд каптар бор. Уларга дон бермоқчи бўлсангиз, қўлингизга, бошингизга келиб қўниб олади.

“Каптарлар – тинчлик рамзи. Одамларга хурсандчилик улашади, одам беғам бўлиб, ҳамма ғамдан фориғ бўлиб кетади. Қўлингизга ушласангиз, баданлари иссиқ. Ўзингиз роҳат қиласиз”, – дейди Жаъфар ака.

Каптарлардан ташқари мажмуада олмахон, товус, қуён, укки, японка товуғи, ҳинд сесаркаси, каклик ва туяқушлар ҳам бор.

Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид