Жаҳон | 21:49 / 16.03.2022
84650
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Москва ва Киев Украинада урушни тўхтатиш режасини ишлаб чиқди

ОАВ Россия ва Украина музокарачиларининг позициялари яқинлашаётгани ҳақидаги хабар бермоқда, гап хавфсизлик кафолатлари билан мамлакатнинг нейтрал мақоми ҳақида кетмоқда.

Фото: Getty Images

Россия ва Украина делегациялари 15 пунктдан иборат тинчлик келишуви устида ишламоқда. Бу ҳақда музокараларга алоқадор бўлган учта манбага асосланиб, The Financial Times газетаси хабар тарқатди.

Нашр маълумотига кўра, томонлар музокараларда «жиддий ютуқлар»га эришишган.

Дастлабки маълумотларга кўра, келишув Украина НАТОга аъзо бўлиб кириш режасидан воз кечиши, шунингдек қуролли кучларини қисқартиришга, ўз ҳудудида хорижий базалар ва қуролларни жойлаштирмасликка рози бўлишини назарда тутади. 

Бунга жавобан Россия қўшинларини олиб кетади, шу билан бирга Киев ўз иттифоқчилари - АҚШ, Буюк Британия ва Туркия томонидан хавфсизлик кафолати билан таъминланиши мумкин.

Манбалар, келишувнинг дастлабки варианти Украинада рус тилини ҳимоя қилишни ҳам ўз ичига олишини айтишган. Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк FT мухбири билан суҳбатда, тил масалалари бошқа гуманитар муаммолар қаторида «фақат Украина манфаатлари призмасида муҳокама қилиниши»ни айтган.

Подолякнинг сўзларига кўра, Россия билан келишув россиялик ҳарбийлар 24 февраль кунги босқиндан кейин эгалланган ҳудудлардан кетишини ҳам кафолатлаши керак. Унинг сўзларидан Қрим, ДХР ва ЛХР масалалари алоҳида муҳокама этилишини тушуниш мумкин.

FТ нашри мақолани эълон қилганидан кейин Подоляк ушбу материалнинг Россия томони қораламаси асосида тайёрланганини айтган.

«Мазкур босқичда тасдиқлашимиз мумкин бўлган ягона ҳаракат бу — ўт очишни тўхтатиш, рус қўшинларининг мамлакатдан чиқиб кетиши ва бир қатор давлатлар томонидан Украина хавфсизлигининг кафолатланиши масалалари бўлади», деган у.

  • Чоршанба куни Москва ҳам, Киев ҳам келишув бўйича прогресс кузатилаётгани ҳақида маълум қилган бўлса-да, Украинадаги расмийлар Россия президенти Владимир Путин тинчликка рози эканига ишонишмаяпти ва Москва кучларни қайта тўплаш ва босқинни давом эттириш учун вақтдан ютмоқчи бўлаётганидан хавотирланмоқда.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид