Жамият | 19:46 / 16.03.2022
67149
6 дақиқада ўқилади

Огоҳ бўлинг: Ўзбекистонда яна бир молиявий пирамида

Сўнгги вақтларда интернетдаги Gift of Legacy номли глобал молиявий пирамида ўзбекистонликлар орасида ҳам “шуҳрат қозонмоқда”. Kun.uz бир қарашда ўйиндек кўринадиган мазкур тузоқ ҳақида маълумотлар тўплади.

Фотоколлаж: Kun.uz

2021 йил январида YouTube'да Gift of Legacy канали очилган. Орадан маълум вақт ўтиб, бу каналда ўйин ҳақидаги видеолар жойлаб борилган. Қизиқ томони, ушбу видеодаги шахсларнинг аксарияти Жанубий Африка акцентидаги инглиз тилида сўзлаган. Каналдаги илк жонли вебинар 2021 йил 12 октябрида узатилган. Унда маърузачи сифатида жанубий африкалик Крис Ҳеттинг ва Кендис Донадел иштирок этган.

Крис Ҳеттинг – бир нечта мамлакатда фирибгарликдан иборат схема деб топилган Mirror Trading International ташкилотига промотерлик ҳам қилган.

Жанубий Африкада ишлаб чиқилган молиявий пирамида кейинчалик Ғарбий Европа давлатларида машҳурлаша бошлаган. Бу давлатлардаги рус диаспораси орқали Россия ҳудудига ҳам етиб келган. Россияда оммалашган молиявий пирамида қисқа муддатларда Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистонга ҳам кириб келди.

Пирамида қандай схема асосида ишлайди?

Тобора машҳурлашиб бораётган Gift of Legacy молиявий пирамидаси иштирокчилари фуқаролардан ўйин сайтида рўйхатдан ўтиб, 100 АҚШ доллари тикиб, 49 минг 700 АҚШ доллари миқдоридаги пул ишлаб олишни ваъда қилади.

Бу сайт шундай тузилганки, фақат 100 доллар тўлов қилганларгагина сайтда рўйхатдан ўтиш учун ҳавола берилади.

Тўлов иштирокчилар ўртасидаги келишув асосида исталган тўлов тизими орқали ўтказилиши мумкин.

Қоидага кўра, иштирокчи 4 босқичда (бронза, кумуш, олтин, платина столда) қатнашади.

Иштирок этишнинг биринчи босқичи – бронза столдан бошланади.

Ўйинга янги кириб келган иштирокчи “гифтер”, яъни “совға берувчи” деб аталади. У бронза стол марказидаги иштирокчи – “легенда”нинг картасига 100 АҚШ доллари ўтказганидан сўнг ўйинга қабул қилинади ва унга ўйинга яна 2 кишини таклиф эта олиши учун махсус ҳавола ташлаб берилади. Таклиф этилган 2 киши “совға берувчи” бўлиб ўйинга қўшилганда, уларни таклиф этган “совға берувчи”нинг мақоми битта олдинга сурилади ва “қурувчи”га айланади.

“Совға берувчи”ларнинг яна иккитадан иштирокчи жалб этиши “қурувчи”ни “гид” (“куратор”)га айлантиради. “Гид” янги иштирокчиларга ўйин қоидаларини тушунтириб, мураббийлик қилиш билан шуғулланади. Шунингдек, уларнинг сайтда рўйхатдан ўтишларига ёрдам беради. Иштирокчиларнинг янада кўпайиши “гид”ни “легенда”га айлантиради. Шу тарзда бронза столдаги охирги марра – “легенда” даражасига эришилади.

Бронза столдаги “легенда” столдаги жами 8 нафар “совға берувчи”дан 800 доллар миқдоридаги пулни қабул қилиб олиши ваъда қилинади. Шу лаҳзадан бошлаб “легенда” учун кейинги босқич – кумуш столга йўл очилади. У энди 400 доллар тўлаб, кумуш столга “совға берувчи” бўлиб ўтади.

Кумуш столда ҳам “легенда” мақомига эришган иштирокчи столдаги 8 нафар “совға берувчи”дан тўпланган 3200 долларга эга бўлиши айтилади. Олтин столга эса 1600 доллар “совға қилиб” кирилади. Олтин столда “легенда” бўлган иштирокчига 12800 доллар ваъда қилинади. Ниҳоят, платина столга 5000 доллар тўлаб қўшилиш имкони пайдо бўлади. Платина столда ҳам “легенда” мақомига эришган иштирокчига 40 минг доллар тўлаб бериш ваъда қилинади.

Шунингдек:

  • бронза столдаги иштирокчи яна 100 доллар “совға” бериб, бошқа бронза столда ҳам иштирок эта бошлаши;
  • кумуш столдаги иштирокчи яна 400 доллар “совға” бериб, бошқа кумуш столда ҳам иштирок эта бошлаши;
  • олтин столдаги иштирокчи яна 1200 доллар “совға” бериб, бошқа олтин столда ҳам иштирок эта бошлаши;
  • платина столдаги иштирокчи яна 5000 доллар “совға” бериб, бошқа платина столда ҳам иштирок эта бошлаши мумкин.

Шундай қилиб, ушбу молиявий пирамида иштирокчилари геометрик прогрессия тарзида ўсиб боради. 100 доллардан бошлаган иштирокчи якунда 49,7 минг долларга эга бўлиш, шунингдек бир вақтда бошқа столларда ҳам иштирок этиб янада кўпроқ пул ишлаб олиш билан қизиқтирилади.

Фирибгарлардан огоҳ бўлинг!

Унутманг, қатнашиш учун бадал талаб қилувчи ва бошқа иштирокчи жалб этиш ҳисобига бойишни ваъда қилувчи ҳар қандай ўйин – бу молиявий пирамида ҳисобланади.

Унда иштирок этган ҳар бир шахс ё потенциал фирибгарга ё потенциал жабрланувчига айланади. Зеро, кимгадир “совға берган” иштирокчининг ўзи эртага “совға” ололмай қолиши эҳтимоли ҳам бўлади.

Турли ижтимоий тармоқларда бу молиявий пирамидани “совға бериш ва олишдан иборат оддий ўйин” деб таништириб, унда иштирок этиш орқали миллионлар ишлаб олишга қизиқтирувчи фирибгарлар тузоғига илинманг. Улар сиз орқали фақатгина ўз даромадларини кўпайтириш пайида бўлади.

Kun.uz ўз кузатувчиларининг фирибгарлик қурбони бўлиб қолмаслигини хоҳлайди ва уларни молиявий пирамидаларда иштирок этмасликка чақиради. Ишонинг, бундай ўйинларнинг охири албатта вой бўлади.

Мавзуга оид