Жамият | 15:36 / 25.03.2022
12291
3 дақиқада ўқилади

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ: Халқаро ҳамкорлик бўйича  навбатдаги қадам

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Иссиқлик электр станциялари”АЖ қатор манфаатли келишувларга эришди.

Фото: Иссиқлик электр станциялари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-72-сонли “Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги Қарорига асосан “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан бир қатор йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган.

Жумладан, Талимаржон ИЭСда жами қуввати 900 МВтга тенг бўлган иккита, Навоий ИЭСда 1300 МВтга тенг иккита буғ-газ қурилмалари ҳамда Тошкент ИЭМда ҳар бирининг қуввати 32 МВтдан бўлган иккита газ турбина қурилмаларини қуриб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Қолаверса, мавжуд электр станцияларининг хавфсиз ва барқарор ишлаши ва техник хизмат кўрсатиш тизимини яратиш, ускуналарни модернизация қилиш, захира қисмларини етказиб бериш, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг имкониятларини ривожлантириш ва шу билан Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг юқори самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш мақсадида ҳам қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Шунга кўра, 24 март куни иш бошлаган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан халқаро ҳамкорлар билан бир қатор манфаатли келишувларга эришилди.

Жумладан, Япониянинг JICA агентлиги билан эҳтиёт қисмларни етказиб бериш ва фаолиятдаги замонавий буғ-газ қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича 340 миллион АҚШ доллари миқдорида келишувга эришилди.

Шунингдек, 2022 йилнинг февраль ойида Италиянинг “AC BOILERS S.p.A” компанияси вакиллари билан анъанавий иссиқлик электр станцияларида барқарорликни ошириш мақсадида модернизация ишларини олиб бориш, амалдаги газ турбиналари ва буғ қозонларидан фойдаланишда иссиқлик қозонларининг самарадорлигини ошириш каби масалалар бўйича музокаралар ўтказилган эди. Ўзаро муҳокамалар натижаси сифатида форум доирасида “AC BOILERS S.p.A” компанияси билан “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ўртасида тизим корхоналарида “экологик тоза” энергия ускуналарини ўрнатган ҳолда қувватларни ошириш бўйича меморандум имзоланди.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати. Ⓣ

Маъруфжон Асқаров
Тайёрлаган Маъруфжон Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид