Ўзбекистон | 21:45 / 25.03.2022
11931
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Россия иқтисодий ривожланиш вазирини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 март куни Тошкент халқаро инвестиция форумида Россия делегациясига бошчилик қилаётган Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковни қабул қилди.

Учрашув аввалида Максим Решетников давлатимиз раҳбарига Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда Тошкент форумининг муваффақиятли натижалари билан самимий табриклади.

Кўп қиррали Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Саноат кооперациясига доир аниқ лойиҳаларни илгари суриш ва ўзаро савдо кўрсаткичларининг ижобий ўсиш суръатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтган йил якуни бўйича икки томонлама товар айирбошлаш учдан бирга ортиб, рекорд даража – 7,5 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг биринчи ойларида савдо кўрсаткичлари 50 фоиздан зиёдга ошди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 2 мингдан ортиқ қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда, Россиядан иқтисодиётимизга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.

Учрашувда икки мамлакат ҳукуматлари даражасида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид