Жаҳон | 14:28 / 25.03.2022
31174
6 дақиқада ўқилади

«Тўлиқ бирдамлик»: НАТО саммитидан асосий иқтибослар

Брюсселдаги саммитда НАТО давлатлари етакчилари Россиянинг Украинага бостириб киришига жавоб чораларини муҳокама қилишди. Хусусан, президентлар ва бош вазирлар Украинага қандай ёрдам бериш масаласида, шунингдек, бундан кейин Европа ва жаҳон хавфсизлик тизими қандай ўзгариши борасида қарорлар қабул қилинмоқда.

Фото: AP Photo/Olivier Matthys

Қуйида саммитда чиқиш қилган АҚШ президенти Жо Байден, Британия бош вазири Борис Жонсон ҳамда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг томонидан янграган асосий гаплар келтирилади.

Байден: тўла бирдамлик

АҚШ президенти Жо Байден Брюсселдаги матбуот анжуманида Россияни «Катта йигирматалик» аъзолигидан чиқариш борасидаги ташаббус тарафдори эканини айтди.

«Менинг жавобим - ҳа, қарорни - «йигирматалик» ҳал қилади», деди Байден журналистлар саволларига жавоб бериш чоғида.

Бундан ташқари, Байден агар Россияни чиқариб юбориш бўйича бир қарорга келинмаса, G20 саммитларига Украинани таклиф қилиш мумкинлигини айтиб ўтди.

«Мен масалани кўтардим, агар бунинг имкони бўлмаса [Россияни чиқариш], агар [G20 га раислик қилувчи] Индонезия ва бошқалар бунга кўнмаса, Украина ҳам бу учрашувларда иштирок этиши зарур», деган АҚШ президенти.

Байденнинг чиқиши альянсни бирликка чақиришга бағишланди.

«Путин НАТО бўлинган деб ўйлайди. Суҳбатларимизда у бизни бирдамлик кўрсата олади деб ўйламаслиги аён бўлган. У босқинни бошлаётганида нимани кутган бўлса, бутунлай тескарисини олди. НАТО бугун ҳар қачонгидан кўра бирдамроқ», деган АҚШ президенти.

Россия президентини тийиб туриш учун нима қилиш кераклиги ҳақидаги саволга жавобан Байден санкциялар самара беришига умид билдирган.

«Санкцияларни давом эттириш - янада оғриқли қилиш - бир ойдан кейин ҳам бугун қилаётган ишимиз тўғрилигига амин бўлиш. Ва бу уни тўхтатади», деган у.

Жонсон: Украина қуролли кучларига янада кўпроқ қурол

Фото: ANADOLU AGENCY

Британия бош вазири Борис Жонсон ўзи иштирокидаги матбуот анжуманида НАТО мамлакатлари Украинани Россия босқинидан ҳимояланиш учун «керакли сифатда ва керакли миқдорда» қурол билан таъминлаш қийин бўлишини тан олди.

Жонсон Британия ва унинг вазият бўйича баҳоларига қўшилган НАТОдаги иттифоқчилар Украинага қурол етказиб бериш ҳажмини оширишига ваъда берди. Бирлашган Қироллик Украина қуролли кучларига яна 6000 та танкка қарши ракеталар ва бошқа қуроллар етказиб бериши маълум қилинди.

Шу билан бирга Жонсон Россияга санкциялар босимини оширишга чақириб, беш мингдан ортиқ хусусий шахслар ва компаниялар британ санкцияларига дучор бўлганини қайд этган.

«Бу ҳали бошланиши», - деди бош вазир.

«Биз Путинга Украина ёлғиз эмаслигини билдириб қўймоқчимиз. Биз Киев, Мариупол, Львов ва Донецкдаги одамларни қўллаб-қувватлаймиз. Украина президенти Зеленскийнинг ўзи айтганидек, Украина халқи ғолиб бўлиши, Путин эса мағлубиятга учраши керак», деган Жонсон.

Владимир Зеленскийнинг Украинага НАТО танклари ва самолётлари етказиб бериш бўйича илтимосини бажариш, Жонсоннинг фикрича, логистик нуқтайи назардан қийин бўлади.

Жонсон Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков томонидан айтилган, у Ғарбдаги «Россияга қарши пойганинг энг фаол иштирокчиси экани» ҳақидаги гапларга ҳам муносабат билдирди.

«Мутлақо йўқ, фақат мен эмас. Ўйлайманки, мен Британия бош вазирлар ичидаги Борис исмли илк одамман», деган Жонсон.

«Аммо мен яна ўйлайманки, биз барчамиз ҳозирда Владимир Путин қилаётган иш - бу фалокат, унинг бошқарувидаги Россиянинг Украинага бостириб кириши - ноинсонийлик ва варварлик, деб ҳисоблаймиз», дея қўшимча қилган британиялик бош вазир.

Столтенберг: Путин хатога йўл қўйди

«Президент Путин мустақил, суверен халққа қарши уруш бошлаб, катта хатога йўл қўйди. У украин халқининг кучини, украин халқининг жасурлигини ва уларнинг қуролли кучларининг қудратини тўғри баҳоламади ва ўзи кутганидан анча жиддий қаршилик билан тўқнашди», деган альянс етакчиларига мурожаатида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

У Россиянинг тажовузи мавжуд ҳарбий тийиб туриш тизимларини қайта кўриб чиқишни талаб қилиши мумкинлиги ва бу тизимнинг асослари ҳозирги саммитда ўртага ташланганини айтиб ўтган.

«Факт шуки, биз ўз авлодимиздаги энг жиддий хавфсизлик инқирози билан тўқнашдик», деган у.

«Бугунги учрашув Европа ва Шимолий Американи бу инқироз қаршисида бирлаштириш муҳимлигини кўрсатди. Биз - дунёдаги энг кучли альянсмиз ва биз бирга эканмиз, хавфсизликда бўламиз», дея қўшимча қилган бош котиб.

Столтенберг НАТО кучлари урушга жалб этилиши режалаштирилмаётганини алоҳида қайд этган.

«Биз Украинани илғор ракеталар ҳужумидан мудофаа тизимлари, танкка қарши қуроллар, ўқ-дори ва ёнилғи билан таъминлаймиз. Иттифоқчилар Украинани кўплаб турли соҳаларда қўллаб-қувватлайди. Аммо шуни аниқ айтиш керакки, биз НАТО кучларини можарода иштирок этиш учун жўнатмаймиз - қуруқликда ҳам, ҳавода ҳам. Бу қарор шу билан асосланадики, биз бу можаро янада кўп азоб-уқубатлар, ўлим ва вайронагарчиликларга олиб келмаслиги учун Украина чегараларидан ташқарига тарқалмаслигига масъулмиз», дейди у.

Мавзуга оид