Жамият | 13:51 / 29.03.2022
11580
2 дақиқада ўқилади

Жигарининг жигари хаста сингил: “Акам тузалиб кетсин, болалари ҳали жуда ёш”

Эргашжон Ҳотамқулов гепатит Б ва Д, жигар циррози хасталикларига чалинган. Бир йилдан бери даволаниб келса-да, аҳволи оғирлашгани сабабли жигар трансплантацияси зарурлиги айтилган. Моддий ҳолати ҳаминқадар оилада бундай имконият йўқ.

Тошкент вилоятининг Бўка туманида истиқомат қилувчи Эргашжон Ҳотамқулов бундан бир йил аввал саломатлигида юз бераётган жиддий ўзгаришлар сабаб шифокорларга мурожаат қилади. Унда бир вақтнинг ўзида бир нечта хасталик: гепатит Б ва Д, жигар циррози аниқланиши оила бошига тушган катта кулфат бўлди. Шифокорлар бемор соғайиши учун жигар трансплантацияси кераклигини айтишган. Лекин бу амалиёт хорижда қилиниши, бунга йирик миқдорда маблағ кераклиги оила учун ечимсиз муаммо ҳисобланади.

Синглиси Сайёра Ҳотамқулованинг сўзларига кўра, борган сари беморнинг аҳволи оғирлашмоқда.

“Акажонимнинг қўл-оёқлари, қоринларида шиш кўпайяпти, қон кетишлар бўляпти. Шифокорлар зудлик билан жигар кўчириш операцияси ўтказиш кераклигини айтишди.

Болалари ҳали жуда ёш. Соғайиб оиласига бош бўлишини сўраяпмиз. Юртдошларимиз кўмагига муҳтожмиз”, — дейди жигарининг дардида куюниб у.

Бир йилдан буён олиб борилаётган даво муолажалари оилани бор-йўғидан айирган десак муболаға бўлмайди. Эргашжон Ҳотамқулов уч фарзанднинг ягона боқувчиси. Улар истиқомат қиладиган ҳовлида бу оиладан ташқари яна икки ака-ука ҳам оиласи билан яшайди.

Бир ҳовлида яшаётган уч оила – 14 жон беморнинг дардига дармон бўлиш ниятида ҳаракат қилмоқда. Уларга ҳамдард бўлиб, уч фарзанднинг отасиз қолмаслиги учун савоб амаллар истагида бўлганларга беморга тегишли карталарни ҳавола қиламиз.

Эргашжон Ҳотамқуловга тегишли карталар:

UzCard: 8600 5704 4221 1404

Humo: 9860 0301 4252 1126

Виза: 4108 5901 6719 7378

Мавзуга оид