Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон трансафғон темир йўли қурилишини бошлаганини рад этди
Айрим ОАВда Ўзбекистон трансафғон темир йўли қурилишини бошлагани ҳақида хабар тарқалди. Kun.uz мазкур хабарларга аниқлик киритиш учун Транспорт вазирлиги билан боғланди. Вазирликдан маълум қилишларича, бу масалада муҳокамалар давом этмоқда, бироқ темир йўл қурилиши ҳали бошланмаган.
Қурилиш бошлангани ҳақидаги хабарни қатор ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги каналлар Покистоннинг The News International нашрига таянган ҳолда тарқатди.
“Ўтган ҳафтада Ўзбекистон трансафғон темир йўли қурилишини бошлади. Умумий қиймати 5 миллиард долларга тенг магистрал лойиҳа Марказий Осиёни Покистон портлари билан бирлаштиради. Шу муносабат билан Термиз шаҳрида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди”, дейилади ЎзА The News International'га асосланиб тарқатган хабарда.
Kun.uz боғланган Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов бу хабар асоссиз эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 26–27 март кунлари Термиз шаҳрида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари иштирокида муҳокама учрашувлари бўлиб ўтган. Унда асосан транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон давлатлари ҳудуди бўйлаб автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари жараёнида юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари муҳокама этилган.
“Муҳокамалар жараёнида трансафғон темир йўли қурилиши Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон иқтисодиётига қандай наф келтириши ҳар уч давлат вакиллари томонидан айтилган. Шунингдек, Афғонистон ва Покистон вакиллари турли тақдимотлар ўтказишган. Аммо бу Ўзбекистон трансафғон темир йўли қурилишини бошлади деган хабарга асос бўла олмайди”, деди Наврўз Ашурматов.
Унинг қўшимча қилишича, хабарда ёзилган гаплар ва трансафғон темир йўли қурилишига 5 миллиард доллар сарфланиши ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.
“Ўзбекистон трансафғон темир йўли қурилиши ташаббускори ҳисобланади. Бу темир йўл қурилса, Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланишини кескин жадаллаштириб юборади. Шу учун Ўзбекистон томони бу темир йўл қурилиши масаласида Афғонистон ва Покистон томони билан жадал музокаралар олиб боряпти. Темир йўл ўтадиган манзилларнинг хариталари, шунингдек, Покистон темир йўллари бизнинг темир йўллардан бироз тор, шунга кўра трансафғон темир йўли кенглиги қандай кўринишда бўлади, шу каби масалалар муҳокама қилиняпти”, дейди Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари.
Эслатиб ўтамиз 2021 йил 2 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги юқори даражадаги музокаралар натижалари бўйича “Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) қабул қилинганди.
Унга кўра, қарийб 600 км узунликда қуриладиган темир йўлнинг лойиҳасига 4,8 миллиард доллар жалб қилиш кўзда тутилган.
“Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлининг қурилиши Жанубий Осиё ва Европа давлатлари ўртасида Марказий Осиё орқали юк ташишга сарфланадиган вақтни ва қийматни камайтиради. Жумладан, экспертларнинг тахминларига кўра, Афғонистон транспорт ва инфратузилмавий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш натижасида, Ўзбекистондан Покистонга юкларни ташиш вақтини 30-35 кундан 10-15 кунгача қисқаради. Янги темир йўл орқали юкларни ташиш Россия ва Покистон ўртасида транспорт харажатларини 15-20 фоизга, Марказий Осиё ва Покистон давлатлари ўртасида эса 30-35 фоизга камайтириши мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон темир йўллари орқали Жануби-Шарқий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари ўртасида юк транзитининг ўсиши ҳам башорат қилинмоқда. 2020 йилда Афғонистон орқали 4 млн тонна юк ташилган. Дастлабки маълумотларга кўра, “Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли ишга туширилганидан кейин дастлабки йилларда ушбу йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми 10 млн тоннага етиши мумкин.
Маълумот учун, 2021 йил декабр ойида Исломободда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг саммити доирасида Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва “Толибон” ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий ўртасида учрашув ўтказилган.
Ўшанда The News International нашри берган хабарга кўра, Ўзбекистон томони 2022 йилнинг баҳорида “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилишини бошлаш ва техник ишлар учун афғонистонлик кадрларни тайёрлаш вазифасини зиммасига олган. Бу маълумот Ўзбекистон томонидан расман тасдиқланмаган.
Март ойи бошида президент Шавкат Мирзиёев Покистонга ташриф буюрган ва мамлакат бош вазири Имрон Хон билан стратегик шериклик тўғрисида қўшма декларация имзолаганди.
Мавзуга оид
13:31 / 28.05.2025
Марказий Осиё экспертлари минтақанинг 2050 йилгача бўлган ривожланиш сценарийлари устида ишламоқда
21:17 / 24.05.2025
“Мудофаамизга яна таҳдид юзага келса, жим ўтирмаймиз” – Покистон элчиси билан суҳбат
16:42 / 24.05.2025
Ўзбекистонда "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" иқтисодий форуми бўлиб ўтади
21:58 / 21.05.2025