Ўзбекистон | 09:27 / 01.04.2022
13261
1 дақиқада ўқилади

Урганчда беҳаё видео реклама мониторида намойиш этилди, ИИБ изоҳ берди

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрининг серқатнов чорраҳаларидан бирига ўрнатилган реклама мониторида беҳаё видеолавҳа намойиш этилди. ИИБ бу эҳтиётсизлик оқибатида юз берганини маълум қилди.

Видеодан кадр

31 март куни соат 19:20 да Урганч шаҳридаги Ал-Хоразмий ва Хонқа кўчалари кесишган чорраҳада жойлашган реклама мониторида порнографик мазмундаги беҳаё видеолавҳа бир неча дақиқа давомида намойиш этилган. Унинг фото ва видеотасвирлари ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Хоразм вилояти ИИБ маълумотига кўра, видеолавҳа ҳақидаги хабар навбатчилик қисмига келиб тушганидан сўнг, унинг намойиши зудлик билан тўхтатилган.

Ички ишлар органлари томонидан олиб борилган дастлабки тезкор-суриштирув якунига кўра, видеолавҳа реклама мониторига эгалик қилувчи хусусий фирма ишчиси, 1978 йилда туғилган И.И. томонидан эҳтиётсизлик оқибатида монитор хотирасига юклангани аниқланган.

Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид