Жаҳон | 16:59 / 05.04.2022
18573
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: «Путин билан учрашув бўлмаслиги ҳам мумкин»

Фото: Украина президенти расмий сайти

Украина президенти Володимир Зеленский россиялик ҳамкасби Путин билан учрашув ўтказилмаслиги ҳам мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Украина етакчиси ОАВ вакиллари билан учрашувда гапирди.

Зеленскийнинг айтишича, Москва билан тинчлик келишуви имзоланган тақдирда ҳам Россия тақдим этадиган кафолатга ишонмайди.

«Биргаликда энг кучли келишув имзоласак ҳам, Россия икки йилдан кейин қайтиб келиши мумкин. Биз буни жуда яхши тушунамиз ва шунга қараб иш тутамиз», деган Зеленский тинчлик келишуви ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

Икки томонлама мулоқот ҳақида гапирар экан, Зеленский Путин билан учрашув бўлмаслиги мумкинлигини айтди. Аммо унинг фикрича, Бучада содир бўлган воқеаларга қарамай, Украина музокараларни давом эттириши керак.

Зеленский Бучада бўлган воқеаларни катта фожиа ва геноцид деб атади. «Биз буни геноцид деб ҳисоблаймиз, улар қилган барча ишлари учун жазоланиши керак. Ва мана шундай қийин ҳолатда ҳам учрашиш учун имкон топиш лозим, мана шундай қийин вақтда ҳам вазиятдан чиқиб кетиш ва ўз ҳудудимизни йўқотмаслик чорасини кўришимиз керак», деди Зеленский.

У барча ҳарбий жиноятчилар жазога тортилишига сўз берди.

Зеленский Россия билан музокаралар вақтида Путин Украинага киришининг сабаби сифатида келтирилган «демилитаризация» ва «денацификация» иборалари ҳақида умуман сўз бормаслигини айтган.

«Демилитаризация ибораси ҳақида менга Киевдан кетишни таклиф қилишгандаёқ унутганмиз. Уларга бу ибораларни унутинг, бу ҳақда гаплашишни ҳам истамаймиз, деганмиз. Денацификацияни биз уларнинг ўзидан талаб қилишимиз мумкин, демилитаризация ҳам қабул қилса бўладиган нарса эмас», деган Украина президенти.

Аввалроқ россиялик ҳарбийлар тарк этгач, яна Украина назоратига қайтган Бучага борган Зеленский руслар Бучада қилган ишларини кўрган ҳолда улар билан гаплашиш қийин бўлаётганини айтганди.

Мавзуга оид