Ўзбекистон | 16:21 / 06.04.2022
5852
2 дақиқада ўқилади

“ОТМларга кириш имтиҳонларида тестлар бекор қилингани йўқ” – ДТМ  

Давлат тест маркази ижтимоий тармоқларда ОТМларга киришда тест синовлари бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалгани, бироқ бу хабарлар нотўғри экани ҳақида маълумот берди.  

Фото: Kun.uz

“Давлат тест маркази томонидан 2020 йилда “Умумтаълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш ва ягона имтиҳонни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тайёрланган.

Қарор лойиҳасида дастлаб тажриба-синов тариқасида Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган ҳудуддаги умумтаълим муассасалари битирувчиларининг, кейинчалик эса барча умумтаълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари унификация қилиниб, ягона тест синовларини ўтказиш йўлга қўйилиши кўзда тутилган”, дейилади ДТМ муносабатида.

Қайд этилишича, қарор лойиҳасида аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатганлар белгиланган муддатларда бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар ва мажбурий фанлардан тест синовлари топшириши белгиланган.

Яъни имтиҳонлар унификация қилиниши ОТМларга кириш имтиҳонларининг тўлиқ бекор бўлишини англатмайди, балки умумтаълим муассасалари битирувчилари 2 маротаба имтиҳон топшириш (якуний давлат аттестацияси ва ОТМларга кириш тест синовлари) ўрнига ягона тест синови орқали якуний давлат аттестациясини топшириб, шу тест натижаси билан ОТМларга кириш имкониятига эга бўлишини билдиради.

Ушбу қарор лойиҳасида белгиланган мактаблар учун битирув имтиҳонлари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ДТМ томонидан олиниши белгиланган. Бироқ қарор ҳали қабул қилинмаган. ДТМ матбуот хизматининг Kun.uz’га маълумот беришича, лойиҳа айни пайтда Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиляпти.

Мавзуга оид