Спорт | 15:36 / 09.04.2022
32192
12 дақиқада ўқилади

Манчестер – Ливерпуль тўқнашуви: Клопп Гвардиола меҳмони, «МЮ» «Эвертон»га қарши

Фото: Getty Images

Еврофутбол ҳал қилувчи паллаларга яқинлашиб келмоқда. Бир неча кун олдин еврокубокларда яримфинал учун жиддий тўқнашувларни кузатган бўлсак, бугундан лигаларда ҳам хоҳ чемпионлик кураши бўлсин, хоҳ лигада жон сақлаб қолиш учун кураш бўлсин, муросасиз баҳсларнинг гувоҳи бўламиз.

 9 апрель (шанба)

АПЛ. 31-тур

ЭВЕРТОН – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД

Ўйин бошланиш вақти: 16:30

ТВ-трансляция: FutbolTV

Ифторликкача вақтни қандай ўтказишни билмай турган мухлисларни «Гуддисон Парк»да ажойиб баҳс кутмоқда. Бу жамоалар сизни шиддатли комбинациялар ва голлар билан хушнуд қила олмаган тақдирда ҳам, ҳеч бўлмаса, бироз ухлаб олишингизга кафолат берадилар.

«Эвертон» ўтган турда лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган асосий рақиби «Бёрнли»дан ютқазиб қўйди ва энди Лэмпард шогирдларини хавфли зонадан атиги 1 очко ажратиб турибди. Ливерпулликлар бу турдан кейинги ўйинларни икки марта «Лестер», «Челси» ва «Ливерпуль»га қарши ўтказади. «Бёрнли»нинг эртага «Норвич» билан ўйнашини эътиборга олсак, ҳатто шу ҳафтадан кейин жамоа 18-поғонага тушиб қолиши мумкин. Сўнгги беш йилда трансферлар учун баъзи топ-6 жамоаларидан ҳам кўп пул сарфлаган клуб учун бу жуда катта муваффақиятсизлик.

Шу туфайли ўзига яраша муаммоларга эга бўлган «Юнайтед» билан ўйинда «Эвертон» фақат ғалаба учун ўйнаши табиий. Тўғри, уч йилдан бери «Эвертон» манчестерликларни юта олмаяпти, аммо биринчи даврада «Олд Траффорд»да дуранг қайд этилгани, умуман Рангник жамоаси ҳар қандай рақибга қарши ҳам муаммоларга дуч келаётганини эътиборга олсак, мезбонларда етарлича имконият бўлади.

Фото: Getty Images

Бунинг устига кечаги матбуот анжуманида «МЮ» мураббийи таркибда ҳам муаммолар борлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан, Кавани, Шоу, Варан ва Мактоминей каби футболчиларнинг майдонга туша олмасликлари аниқ. Люк Шоу умуман ой охиригача сафдан чиққани айтилмоқда. Аммо «Лестер»га қарши ўйинни ўтказиб юборган Криштиану Роналду бугунги учрашувга тайёр. Мезбонлар таркибида ҳам йўқотишлар кам эмас. Таусенд ва Паттерсон мавсум охиригача сафдан чиққан, Дэйвис ва Минада ҳам жароҳатлар бор. Андре Гомешнинг шерикларига ёрдам бериши ҳам сўроқ остида қолмоқда.

«Манчестер» барча мусобақалардаги охирги олти ўйинидан атиги биттасини ютди. «Эвертон»да ҳам охирги олти ўйинда шунча ғалаба бор, холос. Икки омадсиз жамоалар тўқнашувида кимдир кўпроқ хато қилиши керак-ку...

 9 апрель (шанба)

Бундеслига. 29-тур

ҲЕРТА – УНИОН БЕРЛИН

Ўйин бошланиш вақти: 21:30

ТВ-трансляция: Матч-Футбол

Германияда энг кўп жамоа Берлиндан бўлса-да, юқори лигаларда шаҳар жамоаларини дербилари доим ҳам кузатилмайди. Ўтган аср охирларида эса, яъни Берлин бирлашишидан олдин, бу икки жамоа деворнинг икки томонида тўп тепган. «Ҳерта» ғарбда кўпроқ «Теннис Боруссия» жамоаси билан рақобатлашган бўлса, шарқда Берлин дербиси асосан Дрезденнинг «Динамо» ва «Унион» ўртасида шаклланган. Берлин девори йиқилгач, 1990 йилнинг 27 январида ушбу катта воқеа шарафига айнан «Ҳерта» ва «Унион» ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкиллаштирилган ва 51 270 томошабин қаршисида ғарбликлар 2:1 ҳисобида устун келишганди.

2019 йилда «Унион» ўз тарихида биринчи марта Бундеслигага чиқди ва ушбу икки жамоа ўртасидаги Берлин дербиси энди энг юқори даражада ўта бошлади. Шундан буён ўтган 5та дербининг 2тасида «Унион», 2тасида «Ҳерта» ғалаба қозонди, бир учрашувда эса дуранг қайд этилди. Шу йилнинг январь ойида жамоалар Германия кубоги учун баҳсда ҳам тўқнаш келишди ва меҳмон жамоа сифатида тўп сурган «Унион» 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Умуман, ушбу мавсумда ҳамшаҳарларидан фарқли равишда, «Унион» анча барқарор ўйин намойиш этмоқда ва ҳатто еврокубокларда тўп суриш имконияти учун курашмоқда. Урс Фишер шогирдлари ҳозирда 41 очко билан 7-ўринда бормоқда ва Европа лигаси ўринларидан атиги 3 очко ортда қоляпти, холос. Ўтган мавсумда ҳам сўнгги турларгача лигада қолиш учун курашиб, муваффақият қозонган «Ҳерта»нинг вазияти оғирроқ. Охирги 12 ўйинда атиги 1 марта ғалаба қозонган жамоа 28 ўйиндан 26 очко тўплаган ва турнир жадвалида охиргидан битта олдинда турибди. Демак ҳар икки жамоа учун бу ўйин ҳам дерби, ҳам турнирда катта аҳамиятга эга бўлади.

10 апрель (якшанба)

АПЛ. 31-тур

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЛИВЕРПУЛЬ

Ўйин бошланиш вақти: 20:30

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

Охирги 10 йилда Англияда фақат уч марта чемпионлик аниқланиши сўнгги турларгача давом этган. 2012 йилда Агуэронинг охирги сониялардаги голи барчасини ҳал қилгани мухлисларнинг ёдидан кўтарилмаган. 2013/14 мавсумида эса Стивен Жеррарднинг кутилмаганда йиқилиб тушиши «Ливерпуль»га панд берган ва «Манчестер Сити» яна улоқни илиб кетганди. Икки йил олдин яна шу икки жамоа сўнгги турларгача чемпионлик учун кураш олиб боришди ва Пеп Гвардиола шогирдлари атиги бир очкога рақибни ортда қолдирди. Демак мана шундай босим остидаги курашда «Манчестер Сити»да ўзига яраша тажриба бор.

Албатта, «Ливерпуль»да ҳам ўзига яраша устунлик бор. Клопп шогирдлари алоҳида ўйинларда, финалга тенглаштирилган баҳсларда жуда яхши ўйин кўрсатади ва «Ливерпуль»ни «Сити»дан устун қилиб турадиган жиҳат ҳам шу. Атиги икки ой олдин «Сити»дан 10 очко ортда борган «Ливерпуль» бу фарқни минимумгача қисқартира олди ва табиийки, руҳий томондан яхшироқ кайфиятда бўлиши керак. Бундан ташқари, «Ливерпуль» Чемпионлар лигасида сафарда «Бенфика» устидан ишончли ғалаба қозонди ва кейинги босқич масаласини деярли ҳал қилди. «Шаҳарликлар»ни эса Мадридга қийин сафар ва «Атлетико» билан ўйинда минимал устунликни сақлаб қолиш вазифаси ҳам турибди.

Фото: Getty Images

Ҳар икки жамоада ҳам жароҳатланганлар деярли йўқ ва мураббийлар оптимал таркибни танлай олишлари мухлислар учун ҳам яхши ҳолат. Фақатгина мезбонлар ҳимояси етакчиси Рубен Диаш майдонга туша олмайди. Гвардиола марказда Стоунз – Лапорт жуфтлигини ҳам кўп бора синаб юргани учун бу йўқотиш у қадар катта муаммо туғдирмаслиги табиий.

Яна бир жиҳат шундаки, «Ливерпуль»да барча футболчилар жароҳатдан фориғ бўлса-да, баъзи етакчилар, хусусан Салоҳ ва Маненинг оптимал спорт формасидан анча узоқлиги ҳам жамоа мухлисларини ташвишга солаётган бўлса керак. Жуда тиғиз мавсум ўтказаётган, «Ливерпуль»нинг барча мусобақаларда охиригача бораётганидан ташқари, Африка Миллатлар кубоги ва жаҳон чемпионати саралашларида ҳам жамоасининг етакчиси бўлиб келаётган бу футболчилар камида руҳий чарчоқда эканига статистика ҳам далолат қилиб турибди. Агар «Норвич»га қарши 6:0 ҳисобидаги ғалабада ҳар икки футболчи дубл қайд этганини айтмаса, барча мусобақалардаги охирги 10 ўйинда Мане иккита, Салоҳ эса атиги бир марта пенальтидан рақиб дарвозасини ишғол қила олди холос. Асосий иши гол уриш бўлган бу футболчилар айнан «Сити»га қарши рақибларга қарши катта ўйинларда ўзини кўрсатиши шарт.

Қизиғи, бу жамоалар бир ҳафта ўтиб, Англия кубоги яримфиналида ҳам тўқнаш келадилар. Чемпионлар лигасида ҳам балки финалда ушбу жуфтликни кўришимиз мумкин. Яъни ҳар икки жамоада ҳам бу мавсумда требл билан якунлаш имконияти бор. Инглиз жамоалари ичида фақат «Манчестер Юнайтед» 1999 йилда требл қилганини эътиборга олсак, яна бир тарихий воқеа бўсағасида турган бўлсак, не ажаб...

10 апрель (якшанба)

А Серия. 32-тур

ТОРИНО – МИЛАН

Ўйин бошланиш вақти: 23:45

ТВ-трансляция: Спорт

Мавсум тугашига 7 тур қолганда «Милан» А Серияда яққол пешқадам бўлиб олди. Асосий рақиблар билан ўзаро ўйинлар ҳам ўтиб бўлган, демак, 10 йиллик танаффусдан сўнг чемпионликка эришиш миланлик футболчиларнинг ўзигагина боғлиқ. «Милан» кейинги ўйинларни «Женоа», «Лацио», «Фиорентина», «Верона», «Аталанта» ва «Сассуоло»га қарши ўтказади. Албатта, ҳар бир рақиб ўзига яраша қаршилик кучига эга, Пиоли шогирдлари ҳали кўп тер тўкишларига тўғри келади. Шу жумладан, «Торино»га қарши ўйинда ҳам.

Туринликларнинг ўзига хос жиҳати бор. Тасаввур қилинг, ўтган 30 ўйиннинг 12 тасида жамоа мағлубиятга учраган ва қизиқ томони, 11 мағлубият минимал ҳисобда қайд этилган. Яъни «Торино» деярли барча ўйинда камида рақиб билан тенгма-тенг ўйнай олади, ҳатто рақиб пешқадам жамоа бўлса ҳам. Қаранг, «Интер» билан 1:1 ва 0:1, «Ювентус» билан 1:1 ва 0:1, «Наполи» билан 0:1. «Милан» билан биринчи даврадаги ўйинда ҳам, мезбонлар, яъни миланликлар атиги 1:0 ҳисобида ғалаба қозона олишган холос. Демак бу ўйин ҳам олдингилардан фарқ қилишини тахмин қилиш жуда мушкул ва Пиоли шогирдлари Туринда катта қийинчиликка дуч келишлари турган гап.

Фото: Getty Images

Шу билан бирга, «Милан» ўтган мавсумда Туринда бўлиб ўтган учрашувда 7:0 ҳисобида устун келганини ҳам таъкидлаш керак. Аммо юқорида айтилганидек, «Торино» ушбу мавсумда, айнан Иван Юрич қўл остида бутунлай ўзгарди ва айниқса ҳимояда жуда ишончли ўйин намойиш этмоқда. «Торино» ўтказилган 30 ўйинда атиги 30 маротаба гол ўтказиб юборган. Фақат дастлабки ўринлардаги тўрт жамоада бу кўрсаткич камроқ холос. Бошқа томондан, гол уриш борасида «Торино»да муаммолар бор – лигада атиги 14-кўрсаткич.

Жароҳатлар борасида мезбонларда муаммолар жиддийроқ. Санабрия ҳали сафга қайтгани йўқ, Прат, Фарес ва Жижи каби футболчилар ҳали майдонга туша олишмайди. «Милан» Флоренци ва Романьоли ёрдамидан фойдалана олмайди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

9 апрель. БАВАРИЯ – Аусбург (18:30), АРСЕНАЛ – Брайтон (19:00), Саутҳэмптон – ЧЕЛСИ (19:00), Мальорка – АТЛЕТИКО (19:15), ИНТЕР – Верона (21:00), Астон Вилла – ТОТТЕНҲЭМ (21:30), Кальяри – ЮВЕНТУС (23:45), РЕАЛ МАДРИД – Хетафе (23:55), Клермон – ПСЖ (23:55)

10 апрель. НАПОЛИ – Фиорентина (18:00), Сассуоло – АТАЛАНТА (18:00), РОМА – Салернитана (21:00), Леванте – БАРСЕЛОНА (23:55).

Мавзуга оид