Ўзбекистон | 07:43 / 13.04.2022
4475
2 дақиқада ўқилади

Дарё транспортида давлат хизматлари кўрсатиш регламенти белгиланди

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг «Дарё транспортида давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Маъмурий регламент кемаларни рўйхатга олиш, ҳисобини юритиш, ўзгартириш киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини белгилайди. 

Бундан ташқари, у қуйидагилар тўғрисидаги нормаларни ўз ичига олади:

  • кемаларни қуриш, янгидан жиҳозлаш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш даврида техник кўрикдан ўтказиш, кемаларнинг техник лойиҳа ҳужжатларини келишиш;
  • кемани дастлабки, навбатдаги, навбатдан ташқари ва ҳар йиллик техник кўрикдан ўтказиш;
  • кемани қуриш, янгидан жиҳозлаш ва таъмирлаш даврида техник назорат олиб бориш;
  • техник лойиҳа ҳужжатларини кўриб чиқиш;
  • аниқланган камчиликларни бартараф этиш тартиби.

Ички сув йўлларида фойдаланишда бўлган кемалар (спорт кемаларидан ташқари) ҳудудий кемачилик регистри инспекторлари томонидан рўйхатга/қайта рўйхатга олинади ва тегишли техник кўриклардан ўтказилади.

Ҳарбий катерларнинг техник ҳолатини аниқлаш зарурати пайдо бўлганда шартномага асосан катерлар ҳам техник кўрикка тақдим этилиши мумкин.

Техник кўрикдан ўтказишнинг асосий мақсади қуйидагилар ҳисобланади:

  • кемаларнинг техник ҳолатини самарали назорат қилишни ташкил этиш;
  • кемалар ва жиҳозларнинг техник ҳолатини техник ҳужжатларга мувофиқлигига баҳо бериш;
  • кемаларнинг хавфсиз сузишини таъминлаш бўйича профилактик ишларни ташкил этиш;
  • кемаларда авария ҳолатини олдиндан аниқлаш ва уларни бартараф этиш;
  • кемаларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва иш самарасини ошириш бўйича чоралар ишлаб чиқишда кема эгаларига кўмаклашиш.

Мавзуга оид