Жамият | 18:45 / 13.04.2022
14019
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда истеъмолчи электр таъминоти корхонаси раҳбарини пичоқлади

У ЭТК раҳбарига электр таъминотидаги узилишлар юзасидан эътироз билдирган ва ўртада келиб чиққан келишмовчиликдан сўнг пичоқ санчган.

Иллюстративное фото

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz‘га хабар беришича, 2022 йил 12 апрель куни соат 18:15 ларда Каттақўрғон тумани Кадан маҳалласида жойлашган «Қорадарё» электр тармоқлари корхонаси биносига корхона раҳбари билан гаплашиш мақсадида туманнинг Саройқўрғон маҳалласида яшовчи 36 ёшли О.Т. келган.

Фуқаро электр тармоқлари корхонаси раҳбари П.Н.дан ўзи раҳбарлигидаги корхонанинг электр таъминотидаги узилиши сабабини сўраган. Шу жойда улар ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Шундан сўнг фуқаро ўзи билан ёнида олиб келган пичоқ билан П.Н.га ташланиб, унинг бўйин-елка соҳасига бир маротаба зарба берган. Оқибатда ЭТК раҳбари тан жароҳати олган ва шифохонага ётқизилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми (хизмат бурчини бажараётган шахсга совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб, қасддан баданига ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Фуқаро О.Т. процессуал тартибда ушланиб, қамоққа олинган.

«Ҳудудий эектр тармоқлари» АЖ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича «Қорадарё» ЭТК раҳбарини пичоқлаган шахснинг корхонаси электр энергиядан 57 миллион сўм қарз бўлган. Шу сабабли корхона электр таъминотидан узилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид