Ўзбекистон | 16:21 / 14.04.2022
25470
3 дақиқада ўқилади

Навоийда ҳоким ўринбосари депутатлик қилмоқда. Бу қонунчиликка зид  

Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши депутати Кармана тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритмоқда. Яқинда у кенгаш қарори билан доимий комиссиялардан бирига раис ҳам бўлган.

Фотоколлаж: Kun.uz

Хатирчи тумани 43-Оқдарё сайлов округидан халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши депутатлигига сайланган Тоҳир Ўринов сайлов пайтида “Микрокредитбанк” АТБ Навоий вилояти филиали бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

У 2021 йилнинг 2 феврал кунидан Кармана тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган ва айни кунда ушбу лавозимда ишлаб келмоқда. Бу эса Сайлов кодекси талабларига зид.

Хусусан, Сайлов кодексининг 90-моддасига кўра, судьялар, прокуратура органларининг ва ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахслари (бундан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари мустасно) депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинади.

Демак, туман ҳокими ўринбосари (ижро этувчи ҳокимият мансабдор шахси) бир вақтнинг ўзида маҳаллий кенгашга депутат бўла олмайди. Қолаверса, бир туман ҳокимининг биринчи ўринбосари 60-70 километр узоқликдаги иккинчи туманда депутатлик фаолиятини олиб бориши на мантиққа, на ақлга, на унинг жисмоний имкониятларига тўғри келмайди.

Сайлов қонунчилиги талаблари бузилаётган бир пайтда Тоҳир Ўринов кенгашнинг 2022 йил 8 апрелдаги қарори билан маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси қилиб ҳам тасдиқланган.

Бу вилоятда ҳокимлик мансабдор шахси депутатлик қилаётган ягона ҳолат эмас. Вилоят ҳокимлиги котибият мудири Мақсуд Нуруллаев ҳам халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати ҳисобланади. У котибият мудирлигига тайинлангунга қадар Ўзбекистон халқ демократик партияси Навоий вилоят кенгаши раиси бўлган.  

Kun.uz ушбу ҳолат бўйича вилоят сайлов комиссияси котиби Фурқат Холбўтаевдан изоҳ олди. Унинг таъкидлашича, ҳақиқатан бу сайлов қонунчилигига зид. Шу сабабли ҳозирда ҳар иккала депутатнинг депутатлик ваколатини тугатиб, қайта сайлов ўтказиш ёки лавозимини ўзгартириш чоралари кўрилмоқда.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид