Ўзбекистон | 18:18 / 14.04.2022
51976
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни маълум қилинди

Ўзбекистон коррупция даражаси бўйича индексда 140-ўринга кўтарилди, демократия индексида эса 150-ўринга чиқди; «Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва ҳисобдорлик» ҳамда «Ҳуқуқ устуворлиги» индикаторларида эса ўз позициясини яхшилай олмади.

Ўзбекистон 2021 йилда эълон қилинган ва ўзи учун устувор деб билган жами 19 та халқаро рейтингдан 11 тасида ўз позициясини яхшилади, бир қанча рейтингларда эса пастлаган. Бу ҳақда бугун, 14 апрел куни Олий Мажлис Сенатида бўлиб ўтган Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Хусусан, глобал инновациялар индексида Ўзбекистон 2021 йилда 7 поғонага кўтарилиб, 132 та давлат орасида 86-ўринни эгаллади ва энг тез юқорилаган мамлакатлар топ-10 талигига кирди. Transparency International халқаро ташкилотининг 2021 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон ўз ўрнини 6 поғона яхшилаб, 180 та давлат ичида 140-ўринни эгаллади.

«Ўзбекистон учун устувор рейтинг ҳисобланмаган, БМТ Халқаро электр алоқаси иттифоқининг 2021 йилги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон кенг полосали интернет нархлари бўйича БМТнинг 2 фоизлик фойдаланиш кўрсаткичини бажарган ҳолда 4 та янги иштирокчи (мамлакат) қаторидан жой олган.

Шунингдек, «Жаҳон мамлакатлари демократияси индекси»нинг 2021 йил якунлари бўйича эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон ўз позициясини 5 поғонага яхшилаб, 150-ўринни эгаллаган.

Жаҳон банки томонидан юритиладиган Бошқарув сифати индикаторларининг 2 тасида мамлакатимизнинг ўрни яхшиланган бўлса, 2 тасида пасайган. Яъни, Ўзбекистон «Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва ҳисобдорлик» ҳамда «Ҳуқуқ устуворлиги» индикаторларида мамлакатимиз ўз позициясини яхшилай олмаган», – дея Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши раиси Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Шунингдек, тадбирда халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларига (KPI) эришишдаги мавжуд муаммолар ҳам санаб ўтилди. Хусусан, «Мерос» жамғармасининг Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистоннинг ўрни пасайган.

«Ўзбекистон 177 та давлат орасида 117-ўринни эгаллаб, 2021 йилга нисбатан 9 поғонага пасайган ва мамлакатимиз иқтисодиёти «асосан эркин бўлмаган мамлакатлар» гуруҳида қолди.

Индекснинг «Эркин савдо» кўрсаткичида Ўзбекистоннинг ўрни рекорд даражада яхшиланганди: 2021 йилдаги 163 та ўриндан 67-ўринга кўтарилди ва Марказий Осиё давлатлари орасида етакчиликни қўлга киритди. Бундан ташқари, инвестиция, молиявий эркинлик ва монетар эркинлик кўрсаткичларида сезиларли ўсиш қайд этилди», – дейди Танзила Норбоева.

Ўзбекистон индекснинг айрим кўрсаткичларида самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI)га эриша олмаган.

«Энг ёмон кўрсаткич Олий суд масъул бўлган «Суд фаолияти самарадорлиги» йўналиши бўлди. Амалдаги 50,8 баллдан 13,1 баллга (-37,7) пастлаган.

Молия вазирлиги масъул бўлган «Солиқ юки» ва «Фискал саломатлик» кўрсаткичларида ҳам балларимиз пасайганлиги ҳисобига KPI'га эришилмади.

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги масъул бўлган «Бизнес эркинлиги» кўрсаткичида мамлакатимиз ўрни 14,4 баллга пасайиб, KPI'га эришилмади.

Бандлик вазирлиги масъул бўлган «Меҳнат бозори эркинлиги» индексида ҳам KPI'га эриша олмадик. Кўриб турганимиздек, KPI'га эришиш бўйича ишларимиз қониқарли даражада эмас», – деди Норбоева.

Мавзуга оид