Жамият | 17:08 / 17.04.2022
49671
5 дақиқада ўқилади

Диск чурраси касаллиги хуруж қилганда нима қилиш лозим? Мутахассис тавсиялари

Кейинги пайтларда оёқ ва бел оғриғидан азият чекаётган инсонлар ҳақида кўп эшитмоқдамиз. Текширув натижасида эса уларнинг аксариятида умуртқалараро диск чурраси аниқланмоқда. Хўш, бу қандай касаллик? Унинг келиб чиқишига қайси омиллар сабаб бўлади? Ушбу хасталикни бутунлай даволаш мумкинми? 

ССВ матбуот хизмати шу ва бошқа саволлар билан Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметовга мурожаат қилди.

Мурод Ирисметов

— Умуртқалараро диск чурраси бугунги кунда дунё бўйлаб энг кенг тарқалган касалликлардан бири саналади, — дейди М.Ирисметов. — Ушбу хасталик умуртқалар орасидаги диск бутунлигининг травмалар ёки остеохондроз натижасида бузилиши, ундаги пульпоз ядронинг фиброз ҳалқани ёриб ташқарига чиқиши орқали пайдо бўлади. У асосан белдаги кучли оғриқлар ва уларнинг оёқларга узатилиши билан характерланади.

Авваллари мазкур касаллик асосан ёши катта инсонларда учраган бўлса, бугунга келиб, умуртқалараро диск чурраси ҳатто 20 ёшли йигит-қизларда ҳам кузатиляпти.

— Касалликка қандай омиллар сабаб бўлади? 

— Умуртқалараро диск чуррасининг келиб чиқишига олиб келадиган алоҳида сабабни ажратиб кўрсатиш нотўғри. Боиси, кўп ҳолларда бу хасталик умуртқа поғонасининг дегенератив-дистрофик касалликлари фонида шаклланиб, остеохондроз ривожланишининг маълум босқичи ҳисобланади.

Бундан ташқари, касаллик умуртқа шикастланишидан кейин ҳам пайдо бўлиши мумкин. Шу билан бирга, унинг ривожланишига туртки бўладиган яна бир қанча хавф омиллари мавжуд.

Улар:

  • мушак-скелет тизимининг биргаликдаги касалликлари;
  • ёшга доир ўзгаришлар;
  • умуртқа поғонасининг эгрилиги;
  • метоболик касалликлар;
  • турли травмалар;
  • оғир жисмоний меҳнат;
  • қабзият;
  • ортиқча вазн;
  • аёлларда туғуруқ вақтидаги зўриқишлар; 
  • носоғлом турмуш тарзи ва бошқалар.

— Умуртқалараро диск чуррасининг белгилари қайси?

— Касалликнинг биринчи ва энг асосий белгиси бел оғриғи бўлиб, у ҳаракат ёки бирор оғир юкни кўтариш билан кучаяди. Ҳатто оғриқ ётганда ҳам пасаймайди. Шунингдек, танада кислород ва озуқалар етишмаслиги боис қўл-оёқлар музлайди, уюшади, бемор ҳолсизланади. Бирор жисмоний меҳнат қилганда ёки юрганда, безовталик кузатилади.

Қолаверса, бош айланиши, ичак ва бовул қилишда бузилишлар, қўлларда сезгиларнинг пасайиши, қон босими ўзгариши, қорин бўшлиғидаги ноқулайлик каби яна бир қанча белгилар ҳам ушбу касаллик аломати бўлиши мумкин.

— Касаллик хуруж қилганда қандай йўл тутиш керак?

—  Чурра хуруж қилган пайтда кўнгил айниши, қайт қилиш, чурра жойлашган соҳа атрофи қўл билан пайпасланганида, қоринда тўлғоқсимон оғриқ кузатилиши мумкин. Бундай пайтда бемор оғриқ қолдирувчи дорилар қабул қилиши мутлақо мумкин эмас. Сабаби ўзбошимчалик билан даволаниш кейинчалик салбий оқибатларга олиб келади.

Энг тўғри йўл эса шифокор кўригидан ўтиш ва тавсия этилган даво муолажаларини бажаришдир. 

Афсуски, бугунги кунда кўпчилик беморлар яқинларининг гап-сўзлари, тавсияларига ишониб, умуртқа поғонасини босиш, уқалаш ва шунга ўхшаш амалиётлар орқали даволанишга ҳаракат қилади. Бу эса шикастланган умуртқани янада қийнаши, касалликнинг зўрайишига сабаб бўлиши мумкин.

— Диск чурраси қандай даволанади?

— Бугунги кунда касалликни даволашда лазерли ва эндоскопик усуллардан кенг фойдаланилмоқда. Бироқ чурра инсон танасидаги ўсимта ҳисоблангани, шунингдек, вақтида чора кўрилмаса, салбий оқибатларга олиб келгани боис уни режали жарроҳлик йўли билан тузатиш энг тўғри йўл ҳисобланади. 

Бунда бемор тўлиқ текширувлардан ўтказилади. Танадаги барча аъзолар фаолияти чуқур ўрганилиб, бемор шундан сўнггина операция қилинади.

Тўғри, умуртқа чуррасини дори-дармонларсиз ҳам даволаса бўлади. Жумладан, ҳозир сув муолажалари тиббиётда кенг қўлланилмоқда. Бироқ бу муолажани шифокор тавсияси билан олиш лозим.

Чурранинг пайдо бўлган муддати жуда катта аҳамият касб этади. Уч ойгача бўлгани енгил, уч ойдан олти ойгача бўлган чурра эса сурункали саналади. Бундан ташқари, ҳажмига ҳам эътибор қаратилади. Агар у 9 миллиметрдан кичик бўлса, жарроҳлик аралашувисиз даволаш мумкин.

— Диск чуррасининг олдини олиш учун нима қилиш лозим?

— Энг аввало, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш керак. Айниқса, юрганда бош ва белни тик тутиш, пиёда кўп юриш, спорт билан шуғулланиш зарур.

Қолаверса, биламизки, бугунги кунда аксарият одамлар компьютер қаршисида ўтириб ишлагани сабабли уларда айни шу касаллик кўп учрайди. Шундай экан уларга тавсиямиз, компьютер олдида стул суянчиғига суяниб ўтиринг. Оёғингиз эса ерга тегиб турсин.

Бундан ташқари, сузиш, уқалаш муолажалари, ортопедик матрасда ухлаш ва чекишни ташлаш ҳам касалликнинг олдини олишда муҳим саналади.

Мавзуга оид