Ўзбекистон | 13:56 / 18.04.2022
29866
10 дақиқада ўқилади

Молиявий пирамида қандай ишлайди ва нега ҳалокатга маҳкум?

Кўпчилик тез ва осон бойиб кетиш орзусида яшайди. Ана шундай хаёллар суради, қачондир олдидан бир жомадон тўла доллар чиқиб қолиши мумкинлигини инкор этмайди. Буни яхши англайдиган устаси фаранглар одамларнинг ишончларидан устомонлик билан фойдаланадилар. Алданганлар эса буни фаҳмлаганларида кеч бўлган бўлади.

Фото: stopfake.kz

Куни кеча “REALNAYA INVESTITSIYA” МЧЖ раҳбари молиявий пирамида ташкил этиб, ҳар ойда камида 10 фоиздан фойда беришни ваъда қилган ҳолда фуқароларнинг 15 мингдан 200 минг долларгача бўлган пулларини ўзлаштириб, жами юздан ошиқ фуқарога 3 млн доллар атрофида зарар етказгани ҳақида хабар берилди.

Сўнгги йилларда мўмай даромад ваъда қилиб, минглаб шахсларни миллиардларга чув туширган молиявий пирамидалар ҳақида тез-тез эшитадиган бўлиб қолдик. Лекин шунга қарамай, бундай кўринишдаги фирибгарликнинг бозори касод бўлиш ўрнига “гуллаб-яшнаяпти”.

Ушбу мақолада молиявий пирамиданинг нима экани, уни қандай таниб олиш мумкинлиги, нега пирамидалар ҳалигача яшаб келаётгани ҳақида сўз юритамиз.

Пирамида иштирокчиларининг 90 фоиздан ортиғи фақат зарар кўради

Молиявий пирамида – доимий равишда янги иштирокчиларнинг маблағларини жалб қилиш орқали тузилма аъзоларига даромад тўлаб бориш тизими. Бунда пирамиданинг биринчи иштирокчиларининг даромадлари кейинги иштирокчилар ҳисобидан тўланади.

Аксарият молиявий пирамидаларда тузилмага маълум миқдорда пул киритиш ва ўзидан кейин 2 ёки ундан ортиқ иштирокчиларни жалб қилиш шартини бажариш эвазига киритган пулини ошиғи билан қайтариб олиш ваъда қилинади.

Одатда, молиявий пирамидалар тижоратчи ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказилади ва гўёки маълум бир лойиҳани молиялаштириш учун “инвестиция” жалб қилади. Бунда, инвесторларга узоқ вақт давомида катта даромадлар тўлаб боришдек иложсиз нарсалар ваъда қилинади. Аслида эса ташкилот ҳеч қандай қиймат ишлаб чиқармайди ва янги аъзолар тўлайдиган бадаллар эвазига кун кўради. Айни шу жиҳатдан молиявий пирамида ҳақиқий тадбиркорлик субъектидан фарқ қилади. Ишлаб чиқариш билан шуғулланмагани ва улкан ваъдалари молиявий пирамидани муқаррар ҳалокатга етаклайди.

Одамлардаги тезроқ бойиш ва осон даромад олиш иштиёқи молиявий пирамида ташкилотчиларининг тегирмонига сув қуяди. Ташкилотчилар ишончга кириб олиш ва одамлар орасида ном қозониш учун дастлаб иштирокчиларга ваъда қилинган пулларни тўлаб боради. Шу тариқа молиявий пирамида ҳақиқатан ҳам ваъда қилинган пулларни тўлагани ҳақидаги гап-сўзлар қариндош ва танишлар орасида оғиздан оғизга ўтиб, ташкилотчилар “бизнеси”ни гуллатади.

Аммо иштирокчилар кўпайиб боргани сари уларга берилган ваъдаларни бажариш имконсиз бўлиб қолади. Чунки пирамида иштирокчилари кўпайиб боравергани сари, ҳар ой тўланиши керак бўлган пуллар миқдори ҳам ошиб бораверади. Бундан ташқари, ташкилотчилар келаётган пул оқими бошқарувини йўқотиб, ўта дабдабали харидларга қўл ура бошлашади: тушган пуллардан қимматбаҳо ҳовли, автомобил ва ҳоказолар сотиб ола бошлашади ва бу харидлар нархи фақат ошиб боради. Таҳлилларга кўра, пирамида иштирокчиларининг 90 фоиздан ортиғи ундан фақат зарар кўради.

Молиявий пирамидалар аввалдан ўйланган режа асосида ташкил этилади. Инсонларни алдов асосида чув тушириш мақсади кўзлангани туфайли унинг фаолияти фирибгарлик билан ёнма-ён юради.

Шунингдек, сўнгги йилларда молиявий пирамидалар интернет тармоқларида ҳам пайдо бўлмоқда. Бу каби пирамидалар фаолияти ҳам одатийларидан кескин фарқ қилмайди.

Энди молиявий пирамидаларга аниқ мисоллар келтириб, уларнинг ишлаш механизми билан танишамиз.

МММ

Нафақат Россия, балки дунё тарихида ҳам энг йирикларидан бири бўлган “МММ” молиявий пирамидасидан жабрланганлар сонини тергов 10 мингдан ошиқ деб кўрсатгани билан, амалда 10 млнга яқин инсон чув тушгани айтилади.

1994 йилдан фаолиятини молиявий пирамида сифатида йўлга қўйган “МММ” акциядорлик жамияти 1 феврал санасидан бошлаб акцияларини 1000 рубл номиналида эркин савдога чиқаради. Акциялар қиймати борган сари ошиб борар, шунга мувофиқ иштирокчиларга тўланадиган фойда ҳам ошиб борар, телевизорда эса компания акциясини харид қилиш ва юқори даромадга эга бўлиш чақириқлари акс этган рекламалар тинимсиз қўйиларди. Бунга қизиққан одамлар эса молиявий пирамида домига борган сари кўпроқ илинарди.

Амалда эса компания ҳеч қандай хизмат ёки маҳсулот ишлаб чиқармасди. Шунчаки, кейинги қўшилган “инвестор”лар ҳисобидан аввалги “инвестор”ларга фойда тўлаб берарди. Албатта, ҳеч қандай қиймат ишлаб чиқармаган компания узоқ вақт иштирокчиларига фойда тўлаб боролмаслиги аниқ эди ва шундай бўлди ҳам. Катта тезлик билан шишиб борган пуфак охири ёрилди. МММга пул тикиб, чув тушган элликка яқин инсон ўз жонига қасд қилган.

Ўзбекистон тарихида ҳам молиявий пирамидаларга етарлича мисоллар келтириш мумкин.

Аҳмадбой пирамидаси

Ўзбекистон тарихидаги энг машҳур молиявий пирамида ҳеч шубҳасиз чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг шериклари томонидан ташкил этилган. Тергов жараёнида “Аҳмадбой иши”да 11700 нафар жабрланувчи аниқланиб, уларга умумий ҳисобда 418 млрд 293 млн сўм зарар етказилгани маълум бўлган.

Ушбу пирамида фуқаролардан турли миқдордаги пул маблағлари ва мол-мулклар киритиб, бунинг эвазига уларга ҳар ой катта миқдорда фоиз тўлаб, якунда киритган қийматини 2 баравар қилиб қайтариб олишни таклиф этган. Ушбу ҳолатда ҳам Алининг фоизи Валининг ҳисобидан тўлаб борилган. Якунда нима бўлганини ўзингиз яхши биласиз.

Туяқуш пирамидаси

Одамлар “Аҳмадбой пирамидаси”дан етарлича сабоқ чиқармади. Орадан бир неча йил ўтиб ижтимоий тармоқлар, радио ва ҳатто телевидение орқали туяқушчилик билан шуғулланиш катта даромад келтириши ҳақидаги рекламалар кўпайиб қолди.

Жумладан, “Straus House” вакиллари Африкадан келтирилган бир ҳафта ёки ўн кунлик туяқуш жўжаларининг бир донасини ўртача 2 млн сўмдан камида 10та сотиб олишни, ҳар бир жўжа учун 2 млн 200 минг сўмлик махсус ем ҳам сотиб олишни, кейин бир йил давомида боқиб катта қилинган туяқушнинг ҳар бирини мижозлардан 10 млн сўмга қайта сотиб олишни ваъда қилишди. Қайта сотиб олиш нархи бир неча баравар баланд қилиб айтилгани содда одамларга ёқиб тушди ва яна алдов қурбонига айланишди.

“Авто 60 ой” пирамидаси

“Осон ва арзон шартларда автомобилга эга бўларканман” деб чучварани хом санаган фуқароларимизнинг ҳам саноғи йўқ.

“Авто 60 ой” раҳбарлари UzAuto Motors автомобилларини дастлабки тўлов ва фоизларсиз бўлиб тўлашга сотиб олиш учун аҳолидан пул тўплади ва бунинг учун фуқароларга машина русумидан келиб чиққан ҳолда 2 млн сўмдан 10 млн сўмгача қийматдаги махсус флаерларни сотиб олишни таклиф қилди. Шу тариқа, уддабуронлар республиканинг барча ҳудудларидан жами 20 мингга яқин мижоз билан шартнома тузиб, жуда қисқа давр – 3 ой ичида 54 млрд сўм миқдорида маблағни йиғиштириб олишга улгурди.

Инвесторлик пирамидалари

Қашқадарёда бир гуруҳ шахслар содда мижозларни топиб, 1000 доллар сармоя киритиб, хорижий машҳур компаниялар акцияларини сотиб олиш орқали ойига 6 фоиздан даромад олишларига ишонтирган ва 231 нафар фуқаронинг 13 миллиард 700 миллион сўм пулини ўзлаштирган.

“Realnaya Investitsiya” МЧЖ ҳам айни шундай пирамидага мисол бўлади. Соғлом ақл билан ўйлаб кўрилса, бир неча минг доллар миқдорида инвестиция эвазига, ҳар ой 10 фоиздан фойда тўлаб боришни дунёдаги манаман деган қудратли компаниялар ҳам эплолмайди.

Интернетдаги пирамидалар

Пухта ишлаб чиқилган схемалар асосида ишлайдиган бундай пирамидалар сўнгги вақтларда Ўзбекистонда ҳам оммалашмоқда. Масалан, 2021 йилда Жанубий Африкада ишлаб чиқилган Gift of Legacy молиявий пирамидаси ҳеч қанча вақт ўтмай Ўзбекистонда ҳам минглаб иштирокчиларга эга бўлиб улгурди.

Мазкур пирамида 100 доллар тикиб, 49 700 доллар миқдоридаги пул ишлаб олишни ваъда қилади. 100 доллардан иштирокини бошлаган одам ўзидан кейин қанча кўп одамни жалб қилса, фойдаси шунча юқори бўлади. Масалан, ўзидан кейин 8 кишини жалб қилганда иштирокчига 800 доллар қайтиши ваъда қилинади.

Фаолияти интернет орқали йўлга қўйилгани туфайли интернетдаги пирамидалар маълум бир ҳудуд ёки давлат билан чегараланиб қолмасдан, бутун дунё бўйлаб тарқала олади. Шу туфайли улар глобал молиявий пирамида деб ҳам аталади.

Нега аҳоли молиявий пирамидаларга пул тикишда давом этмоқда?

Ушбу саволга “одамларимиз содда” деган қолипли жавобни беришдан йироқмиз. Тўғри, молиявий пирамида ҳақида тасаввури бўлмай, унга алданиб қолаётган содда одамлар ҳам кўпдир. Аммо пирамидаларнинг тегирмонига сув қуяётганларнинг барчаси ҳам буни соддаликдан қилмаяпти. Шундай одамлар борки, молиявий пирамидани у таклиф қилаётган баландпарвоз ваъдалари орқали биттада таниб олади, аммо молиявий пирамида касод бўлишига ҳали етарлича вақт борлиги, унгача ўзи пул тикиб, фойда кўриб қолишга улгуришига ишониб, пул тикади. Бизнингча, инсонлардаги айни шу фикрлаш сабабли ҳам молиявий пирамидалар ҳамон яшаб келмоқда.

Осон бойлик орттириш ҳақидаги катта-катта ваъдаларга ишониб, уй-жойингиздан, мол-мулкингиздан айрилиб қолманг. Унутманг, текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид