Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинадаги вазият: Мариуполнинг сўнгги ҳимоячилари таслим бўлмоқчи эмас
Хорижлик журналистлар Мариуполнинг россиялик ҳарбийлар томонидан шу кунларда ишғол қилинган яна бир неча кварталларига киришди ва вайронага айланган бинолар ҳамда кўчаларда ётган жасадларга гувоҳ бўлишди; Украина ҳукумати Россия шаҳарда қолган аҳолини фильтрлаётгани ҳақида хабар берган.
Мариуполда нималар бўлмоқда?
Сўнгги кунларда стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу шаҳар учун ҳал қилувчи жанглар бўлиб ўтмоқда. Бу шаҳарнинг эгалланиши Россия учун Украина жануби ва Донбассни боғлаш имконини беради.
14 апрел куни «Азов» полки қўмондони ўринбосари Святослав Паламар Мариупол қамалини ёриб ўтишнинг имкони борлиги, аммо жангчилар мамлакат ҳарбий-сиёсий раҳбариятининг қарорини кутаётганини маълум қилди.
15 апрел куни «Украинская правда» нашри шаҳар ҳимоясидаги денгиз пиёдалари бригадаси қўмондони Сергей Волиннинг шаҳарни «ёки шошилинч ҳарбий амалиёт ўтказиш ёки сиёсий қарор орқали қутқариш мумкинлиги» тўғрисидаги сўзларини келтирди. У шаҳарни қамалдан озод этиш учун «жуда яқин муддат ичида, тажрибали қўмондонлар ва зарур воситаларни жалб этган ҳолда» амалиёт ўтказиш лозимлигини айтганди. Шу билан бирга, Волин ҳимоячилар таслим бўлмоқчи эмаслигини таъкидлаган.
15 апрел куни РФ мудофаа вазирлиги Мариуполда Илич номидаги металлургия комбинати россиялик ҳарбийлар назоратига ўтганини эълон қилди. 16 апрел куни Reuters агентлиги мухбирлари мазкур ҳудудда бўлишди. Бунга қадар бу ерда шиддатли жанглар кечган, украиналик ҳарбийлар ерости туннеллари ва бункерларда яширинган ҳолда Россия армиясининг ҳужумларини қайтараётганди.
Агентликнинг қайд этишича, завод харобага айланган: унинг ўрнида фақат металл ва бетон уюмлари қолган. Кўчаларда эса жасадлар ётганини кўриш мумкин, улардан камида бир нафари аёл киши. Бу одамлар қандай ўлим топгани бўйича маълумот берилмаган.
Мариупол мэри маслаҳатчиси Петр Андрюшченко телеграм-каналида Россия кучлари 18 апрелдан шаҳар аҳолиси Мариуполдан чиқиши ва шаҳарга киришини тақиқлашни режалаштираётгани ҳақида хабар берганди. BBC мухбири билан гаплашган мэр ўринбосари Сергей Орлов эса бундай режим бир неча кундан буён амалда эканини қайд этган. Туманлар орасидаги ҳаракатни чекловчи назорат пунктлари пайдо бўлган.

Олий Раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Людмила Денисова ҳам Россияни шаҳарда қолган эркакларни «фильтрлаш»ни режалаштирганликда айблади.
«Россиялик босқинчиларнинг филтрлаш лагерларида мариуполлик эркаклар сўроқ, телефонларни ва танани текшириш ишларидан кейин гуруҳларга ажратилади ва қўшимча сўроқлар ўтказилади ва қўрқитилади», дея ёзган у.
Денисованинг қўшимча қилишича, филтрлаш жараёнидан ўта олмаган эркаклар Докучаевск ва Донецкка олиб кетилади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Россия ҳарбийлари шаҳарда қолган аҳолига шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш учун рухсатномалар беряпти. Россиялик ҳарбийлар шу йўл билан шаҳарда қолган аҳоли ҳақида маълумот йиғаётгани тахмин қилинган.
Россиянинг қабул қилинмаган ултиматуми
Шаҳар мудофаачиларининг асосий қисми Азов денгизи бўйидаги «Азовстал» заводида жойлашган «Азов» полки ҳарбийларидир. Шанба куни кечқурун россиялик ҳарбийлар бу ҳарбийларга ҳам таслим бўлишни таклиф қилди. Келишув рўй берган тақдирда, 17 апрел куни Москва вақти билан соат 06:00дан «тўлиқ сукунат» режими ўрнатилиши айтилди.
«Азовстал» металлургия комбинатида юзага келган ҳалокатли вазият, шунингдек соф инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда, Россия қуролли кучлари националистик батальонлар ва хорижлик ёлланма кучларга 17 апрел куни соат 06:00дан ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, қуролларни ташлашни таклиф қиламиз. Қуролларни ташлаганларнинг барчасининг ҳаёти сақлаб қолиниши кафолатланади», деган Россия мудофаа назорати миллий маркази бошлиғи Михаил Мизинцев.
Бу шошилинч баёнот «Азовстал»да жойлашган бўлинмаларга 30 дақиқалик оралиқ билан радиоканаллар орқали доимий равишда етказиб турилган. Мизенцев соат 6:00да «Азовстал» бўйлаб оқ байроқлар кўтарилиши орқали «сукунат режими» бошланиши мумкинлигини қайд этган.
«Соат 6:00дан соат 13:00гача - ҳеч қандай истисноларсиз Украинанинг қуролли бўлинмалари ва хорижий ёлланмалар қурол ва ўқ-дориларни ташлаган ҳолда чиқиши мумкин», дея қўшимча қилган генерал.
Сўнгги кунларда шаҳар ҳимоясидаги 36-денгиз пиёдалари бригадаси ҳарбийлари қуршовни ёриб чиқишга ҳаракат қилгани, уларнинг бир қисми ҳалок бўлиб, бир қисми «Азов» полкига қўшилгани, яна бир қисми асирга олингани ҳақида хабарлар берилди. ДХР айирмачилари мингдан ортиқ украин ҳарбийси асир тушганини маълум қилган, Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович асир тушганлар борлигини тасдиқлади, аммо бу Россия томони айтаётган рақамлардан анча камлигини таъкидлади.

«Азов» полки эса таслим бўлишни истамаяпти.
«Таслим бўлиш имконсиз», дея украиналик ҳарбийлардан бирининг сўзларини келтиради The Time журналисти Саймон Шустер.
«Мен Мариуполнинг сўнгги ҳимоячиларидан бири билан гаплашдим. У яраланган. Унинг сўзларига кўра, Бучадаги ишлардан кейин «таслим бўлиш имконсиз». У ўз отряди миссияни бажарганини ҳис қилмоқда. Улар Россиянинг шу қадар кўп кучини банд қилишдики, бу бошқа шаҳарларга омон қолиш имконини берди», дея ёзган Шустер.
Украина бош вазири Денис Шмигал ABC учун берган интервюсида айни вақтда қамалда қолаётган Мариупол ҳимоясидаги Украина армияси капитуляцияга рози бўлмаганини тасдиқлади.
«Шаҳар ҳали таслим бўлмади», деган Шмигал ва украин ҳарбийлари ҳамон Мариуполнинг айрим қисмларини назорат қилаётганини қўшимча қилган.
Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР раҳбари Денис Пушилин Мариуполда қолган ҳимоячилар «яксон этилиши»ни айтган.
«Айтайлик, мунтазам армия, денгиз пиёдалари - таслим бўлишга тайёр бўлганлар таслим бўлишди. Националистлар эса, яъни [Мариуполдаги] нацбаталон ҳарбийлари, афтидан, таслим бўлмоқчи эмас, шунинг учун улар йўқ қилинишга маҳкум», деди Пушилин «Россия 24» эфирида.
Украина президенти Володимир Зеленский бунга жавобан, воқеаларнинг бундай ривожи Россия билан тинчлик музокараларига нуқта қўйиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
«Бизнинг ҳарбийларимиз, бизнинг йигитлар йўқ қилиниши ҳар қандай форматдаги музокараларга нуқта қўйиши мумкин. Агар улар чиндан ҳам урушни тўхтатишни исташлари ҳақида гапираётган бўлишса, мен бу уларнинг катта хатоси бўлади деб ҳисоблайман. Чунки биз ҳудудларимиз ва одамларимиз билан савдолашмаймиз», деган у интернет нашрлар учун берган интервюсида.
Мариупол учун жанглар 25 феврал куни, Россия армияси Украинага бостириб кирганининг иккинчи куни бошланганди. 1 март куни шаҳар барча томондан ўраб олинди, шу вақтга қадар украин армияси қуршов ҳолатида жанг олиб бормоқда.
18 апрел ҳолатига кўра, Мариуполнинг катта қисми россиялик ҳарбийлар ва ДХР ҳарбий бўлинмалари томонидан эгалланган. Украина қуролли кучлари ҳамон порт райони ва «Азовстал» заводини сақлаб турибди.
Жанглар давом этмоқда, Ғарбдаги экспертлар ва Украина ҳукумати баҳоларига кўра, РФ армияси ҳарбий хизматчиларининг катта гуруҳи ушбу шаҳарни эгаллаш учун жалб этилган, бу гуруҳ шу шаҳар туфайли Луганск ва Донецк областларини тўлиқ эгаллаш учун амалиётга қўшила олмайди.
Россия мудофаа вазирлигига кўра, «Азовстал»да жойлашган украиналик ҳарбийлар сони 2,5 минг киши атрофида.
Зеленский Украина нашрларига берган интервюсида Мариуполни фақат Украинага оғир қуроллар етказиб берилиши ёки музокаралар қутқариши мумкинлигини айтди. Шу билан бирга, у Россия томонига ишонч йўқлиги туфайли иккинчи вариантнинг эҳтимоли пастлигини қайд этган.
«Мариуполни нима қутқариши мумкин? Бу имкон қадар тез фурсатларда етказилиши керак бўлган кучли қуроллар. Иккинчиси - музокаралар масаласи. Яраланганларни олиб чиқиш учун ўт очишни тўхтатиш режимига эришиш зарур. Аммо бу фақат Россиянинг хоҳишига боғлиқ. Улар бизникиларга таслим бўлишни таклиф этишмоқда. Улар у ердаги одамларга турлича ёндашишмоқда. Ва сиз буни олдиндан биласиз. Улар нафратланадиган ҳарбийлар ҳам бор ва уларнинг ҳаёти сақлаб қолинишига кафолат йўқ. Ҳа, иккинчи Иловайск бўлиши мумкин», деган Зеленский.
(Зеленский 2014 йилда рўй берган ва тарихга «Иловайск қуршови» номи билан кирган воқеани назарда тутган. Ўшанда Донецк области учун жанглар вақтида 360 нафардан ортиқ украиналик ҳарбий ўлдирилганди. Киевдагиларнинг талқинига кўра, россияпараст тузилмалар ва РФ армияси украин ҳарбийларига шаҳардан чиқиш учун хавфсиз йўлак таклиф этган, аммо улар бунга ишониб чиқа бошлаганида колонна ўққа тутилган).
Энди россиялик ҳарбийлар «Азовстал»ни барча қуролларидан ўққа тутишмоқда ва бомба ташлашмоқда.
Хавфсизлик соҳасидаги Sybilline консалтинг компанияси ҳарбий эксперти Жастин Крамп BBC мухбири билан суҳбатда шаҳарда 500 нафардан 800 нафаргача украин ҳарбийлари қолганини тахмин қилган.
«[Заводда] ядро бункерлари, туннеллар бор, булар ядровий низо вақтида омон қолиш учун барпо этилган — улар чиндан ҳам ҳимояланиш учун яхши имкониятларга эга», деган у.
«Уларда мудофаани мустаҳкамлаш ва кетиш йўлларини қуриш учун 50 кундан ортиқ вақт бўлди. Менимча, агар улар яксон этилмаса, улар узоқ вақт давомида ўша ерда қола олишади. Партизан қаршилиги бўлиши эҳтимоли юқори», — дея қўшимча қилган Крамп.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025