Самарқанд ва Жиззах вилоятларига сел ёпирилди. Қурбонлар бор
Кучли ёғингарчилик Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг кўплаб ҳудудларида сел ва сув тошқинларига олиб келди. Фориш туманида тўрт киши ҳалок бўлган. Ғаллаоролда бир йиллик ёғин миқдорининг қарийб 10 фоизи 2 соат ичида ёғгани айтилмоқда.
19 апрелда бошланган кучли ёғингарчилик ортидан 20 апрел куни Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг қатор туманларида селлар ва сув тошқинлари кузатилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, сел ҳодисаси Жиззах вилоятининг Бахмал, Фориш, Ғаллаорол ва Ш.Рашидов туманларида кузатилган.
Натижада айрим аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий соҳа объектлари, экин майдонлари сел оқимларидан зарарланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Фориш туманида 4 нафар фуқаро (1 нафар эркак, 3 нафар аёл) сел оқизиб кетиши натижасида халок бўлган.
Ушбу туманда бир нечта қишлоқни сел босган, хонадонлар сув остида қолган, автомобилларни сув оқизган ҳолатлар ҳақида хабарлар бор.
Гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатовнинг маълум қилишича, Жиззах вилоятининг “Ғаллаорол” метеорологик станциясида 2 соат 5 дақиқа оралиғида 31,5 мм ёғин ёғган – бу бир йиллик ёғин меъёрининг қарийб 10 фоизига тенг.
Самарқандда эса Иштихон, Булунғур ва Ургут туманларида сел кузатилган. М-39 халқаро автомобил йўлининг айрим қисмлари сув остида қолган. Кучли ёғингарчилик сабаб Самарқанд шаҳрида ҳам кўчаларга сув тошган.
Қутқарувчилар фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш чораларини кўрмоқда.