Ўзбекистон | 12:20 / 21.04.2022
11803
3 дақиқада ўқилади

Нукусда талончилик жиноятларини содир этган 13 нафар шахс ушланди

Фото: Kun.uz

Нукусда талончилик жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

2022 йил 17 апрель куни соат 01:00 ларда номаълум шахслар бир гуруҳга бирлашиб, Нукус шаҳар А.Досназаров кўчасида жойлашган «Натали» кафеси ёнидан ўтиб кетаётган 21 ёшли О.А.ни тўхтатган.

Улар фуқародан гўёки телефон қилиш учун «Рocco Х3 Pro» русумли телефонини олиб, кейинчалик О.А. ўз телефонини қайтариб беришни сўраган вақтида уни уриб, соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, телефон аппаратини талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Бундан ташқари, номаълум шахслар ўзларининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, шу куни соат 01:30 ларда Нукус шаҳар 22-кичик туман ҳудудида жойлашган 19-сонли мактаб ҳудудида 22 ёшли Э.Д.дан «Redmi note 9S» русумли телефонини гаплашиб олиш учун сўраб олган.

Улар кейинчалик Э.Д.ни уриб, соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, телефони ҳамда ёнида бўлган 30 минг сўм пулларини талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Олиб борилган тергов-тезкор ишлар натижасида, мазкур жиноятни бир гуруҳ бўлиб 18 ёшли П.М., 19 ёшли А.Х., К.М., Ж.А., 16 ёшли Ю.А., 20 ёшли Д.А., А.А., К.А., 21 ёшли Ш.Н., О.А., 22 ёшли Э.Д. ҳамда 24 ёшли А.А., Б.Б. содир этгани аниқланиб, улардан жабрланувчиларга тегишли 1 дона «Рocco Х3 Pro» телефони, 1 дона «Redmi note 9S» телефони ҳамда 10 минг сўм миқдоридаги пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Нукус шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан юқоридаги шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми «а» банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қонунбузарларнинг 5 нафарига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги, 6 нафарига эса уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид