Жамият | 16:41 / 21.04.2022
44539
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда эркак бизнес-марказнинг юқори қаватидан тушиб кетиб ҳалок бўлди

Ижтимоий тармоқларда Юнусобод туманидаги халқаро бизнес-марказнинг юқори қаватидан номаълум эркак ўзини ташлаб юборгани айтилган видео тарқалди. Kun.uz мухбири ҳодиса тафсилотларини ўрганиш мақсадида воқеа жойига борди.

Интернетда тарқалган маълумотларда марҳум 10- ёки 11-қаватдан тушиб кетгани айтилади. Бизнес-маркази мутасаддиларидан бири Kun.uz мухбири билан суҳбатда марҳум марказнинг 15-қаватида жойлашган ташкилотларнинг бирида фаолият юритганини маълум қилди.

Видеоларда марҳум бинонинг асосий кириш эшигининг ён тарафида ётгани кўринади. Маълум бўлишича, марҳум бинонинг ён қисмидан тушиб кетган. У ерда чекиш жойи бўлиб, одам бу жойдан эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетиши имконсиз экани айтилмоқда.

Ҳозирга келиб фожиа жойида бўлиб турган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари, криминалистлар ўз ишини якунлаган, марҳумнинг жасади олиб кетилган; ердаги қон доғлари тозаланмоқда.

Марҳум қулаб тушган жойга журналистлар яқинлаштирилмаяпти. Ҳодиса рўй берган ҳудуд ўраб олинган. Халқаро бизнес-марказ вакиллари бинога кириб, марҳумнинг ҳамкасблари билан суҳбатлашишимизга рухсат беришмади.

Воқеа қандай рўй бергани, бу эҳтиётсизлик оқибатида рўй берганми ёки эркак ўз жонига суиқасд қилганми, ёхуд қотиллик аломатлари борми, ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас. Расмий идоралардан муносабат бўлганича йўқ. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uz мухбири билан суҳбатда расмий муносабат тайёрланаётгани ва у тез орада эълон қилинишини билдирди.

Мавзуга оид