Видео: Жаҳонгир Ортиқхўжаев Рамазон ойида маҳаллаларда қабуллар ўтказмоқда
Рамазон кунларида Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тунлари фуқароларни қабул қилмоқда. Учрашувлардан бирида ҳоким фуқарога 3 хонали уй, бошқа бирида “Spark” автомобилини совға қилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходимлари иш вақтидан ташқари ишга жалб этилгани ҳолати бўйича меҳнат инспекцияси суриштирув олиб бораётганини маълум қилган кунларда, ҳокимлик матбуот хизмати яна бир лавҳа тақдим этди. Унда ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Рамазон ойида тунлари ўтказаётган қабуллардан лавҳалар акс этган.
Бу жараёнда ҳоким асосан тиббий йўналишда қабул уюштиргани, мурожаатчиларнинг аксарияти оғир беморлар экани кўринади. Ҳоким фуқароларни тинглаб, шу ернинг ўзида, қоғозбозлик ва бюрократияни четга сурган ҳолда ечимларни таклиф қилади.
Турли маҳаллаларда бўлиб ўтган қабуллар йиғиндисидан иборат лавҳада уч етимни асраб олган аёлга ҳокимлик томонидан уч хонали тайёр хонадон берилиши таъкидланади ва бу хонадон тақдим этилади ҳам. Ўзи ногирон ҳолда спортчилар тайёрлаётган йигитга президент номидан янги “Спарк” автомобили совға қилинади. Автомобил сотиб олишда навбатларни ҳисобга олган Жаҳонгир Ортиқхўжаев бозордан бўлса ҳам харид қилиб беришни тайинлайди ва бу амалга ошади.
Кўзи кўрмаётган ва ўзи аравачага боғланиб қолган қизнинг ўзиюрар аравача бўйича сўрови қондирилганда, у: “Сизнинг исмингизни билмайман, лекин билиб олсам, у дунёда яхши инсонлигингизга гувоҳлик бераман” дейиши ҳаммани тўлқинлантириб юборади. “Аллоҳ рози бўлсин, исмим Жаҳонгир” дея жавоб беради ҳоким.
Видеодан кўринишича, Жаҳонгир Ортиқхўжаев фуқароларга ногиронлар аравачаси ва маиший техникалар совға қилган, чет элда даволанишга юбориш, ишга киргизиб қўйиш, ҳатто уйлантириб қўйишни ваъда қилган, қабулга келган кўп сонли эҳтиёжманд инсонлар ва кексаларнинг дуоларини олган.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024