Ўзбекистон | 19:44 / 10.05.2022
19516
2 дақиқада ўқилади

SpaceX компанияси ва унинг Starlink лойиҳаси Ўзбекистонга таклиф қилинди

АКТ вазири ва “Ўзбеккосмос” бош директори Тошкентга келган SpaceX вакили билан музокаралар ўтказиб, компания ва унинг сунъий йўлдошли интернет лойиҳаси – Starlink'ни Ўзбекистон бозорига киришга таклиф қилди.

10-11 май кунлари Тошкентда “Space Technology Conference STC-2022” халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Конференциянинг биринчи кунида Ўзбекистон АКТ вазири Шерзод Шерматов SpaceX компанияси вакили Бен Мак Виллиамс билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати Kun.uz'га хабар берди.

Фото: АКТ вазирлиги
Фото: АКТ вазирлиги

Маълум қилинишича, учрашувда SpaceX компанияси вакили Ўзбекистонда йирик лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирган.

АКТ вазирлиги томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида, компания вакилига Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш бўйича таклиф берилган.

Шунингдек, “Ўзбеккосмос” агентлиги бош директори Шуҳрат Кадиров ҳам Бен Мак Вилямс билан музокара ўтказди.

Фото: Ўзбеккосмос

Учрашувда SpaceX томонидан сунъий йўлдош орқали юқори тезликдаги кенг полосали интернетга уланиш учун амалга оширилаётган Starlink лойиҳасининг Ўзбекистон бозорига кириши муҳокама қилинган.

“Мулоқот якунида томонлар келгусида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ва ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади”, дейилади агентлик матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид