Ўзбекистон | 21:12 / 10.05.2022
27786
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда икки кишини сел оқизиб кетди

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида 10 май куни сел оқимлари юзага келди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, шу куни соат 16:00 лар атрофида Сариосиё туманининг тоғли ҳудуди «Боғистон» МФЙ Зохона қишлоғида қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши оқибатида сел оқими ҳодисаси юзага келган. Ҳодисада чорва молларни боқиб юрган Узун туман Хурсан маҳалласида яшовчи фуқаро ва унинг чорва молларини, шунингдек, ушбу ҳудудда ўзининг Nexia автомашинасида бўлган Узун тумани «Истиқлол» маҳалласида яшовчи икки нафар фуқарони сел оқимлари оқизиб кетган.

Юз берган табиий офатдан чорва молларни боқиб юрган фуқаро қутулиб қолган.

Воқеа жойига вилоят ҳокими бошчилигида ФВБ раҳбарияти, қутқарувчилар, Миллий гвардия, Ички ишлар, прокуратура ва тегишли хизматлар жалб этилган. Шунингдек, 70 нафар маҳаллий аҳоли билан биргаликда қидирув-қутқарув ва сел оқими оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

  • Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни Самарқанд, Жиззах, Навоий ҳамда Қашқадарё вилоятларида кучли ёмғир ёғиб, жиддий оқибатларга олиб келган сел кузатилди. Сел оқимлари оқизиб кетиши натижасида Фориш туманида 5 киши ҳалок бўлди.
  • Аввалроқ «Ўзгидромет» Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида 9–13 май кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар сабаб бир қатор ҳудудларда сел келиш хавфи ҳақида огоҳлантирганди.

Мавзуга оид