Жаҳон | 08:13 / 10.05.2022
5947
2 дақиқада ўқилади

Украиналик журналистлар Пулитцер мукофоти билан тақдирланди

Украина оммавий ахборот воситалари вакиллари 2022 йилги махсус Пулитцер мукофотини «Россия босқини вақтидаги жасорат, чидамлилик ва ҳақиқатни ёритишга содиқлиги» учун олди.

Фото: Zumapress

Пулитцер мукофоти ҳакамлар ҳайъати ўз ватанида Россия томонидан бошланган урушни «жасорат ва матонат» билан ёритган украиналик журналистларга махсус мукофот топширди. 9 май, душанба куни Нью-Йоркда нуфузли медиа мукофоти совриндорлари номи эълон қилинди. 

«Алоҳида эътироф» номинацияси бўйича мукофот украиналик журналистларга Владимир Путиннинг мамлакатга шафқатсизларча бостириб кириши ва Россиядаги тарғибот уруши чоғида жасорат, матонат ва ҳақиқатни ёритишга интилиши учун» берилди, дейилади мукофот сайтида

Қайд этилишича, «портлашлар, ўғирлашлар, босиб олиш ва ҳаттоки ўлим ҳолатларига қарамай, улар қатъийлик билан даҳшатли воқеликнинг тўғри тасвирини беришга ҳаракат қилмоқда, бу эса Украина ва бутун дунё журналистларига муносибдир». 

Пулитцер мукофотини «Жамиятга хизматлари учун» асосий номинациясида Американинг The Washington Post газетаси қабул қилиб олди. У 2021 йил 6 январда АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Доналд Трамп тарафдорлари томонидан Капитолийга бостириб кириш жараёни батафсил ёритилгани учун мукофотланди.

Шунингдек, The Miami Herald, The Tampa Bay Times, The New York Times, Getty Images, The Los Angeles Times ва бошқа нашрлар журналистларига турли номинациялар бўйича мукофотлар топширилди. 

Пулитцер мукофоти АҚШдаги энг нуфузли журналистика мукофотларидан биридир. У 1917 йилдан бери ҳар йили Америка нашрида эълон қилинган материаллар учун берилади. 2022 йилги лауреатларнинг тўлиқ рўйхати мукофот веб-сайтида эълон қилинган. 

Мавзуга оид