Жамият | 12:22 / 13.05.2022
35841
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда содир бўлган ЙТҲда 4 киши ёниб кетди

Ҳайдовчи ухлаб қолиб, машина пастликка қулаган ва содир бўлган ёнғинда тўрт киши ёниб кетиб вафот этган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, 2022 йил 6 май куни тонгда А-378 Самарқанд–Қарши автомобил йўлининг Нуробод тумани ҳудудидан ўтган 22-километрида одамлар ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Сирдарё вилояти Боёвут туманида яшовчи ҳайдовчи Nexia машинасини бошқариб келаётиб ухлаб қолган. Шундан сўнг бошқарувни йўқотган машина бетон тўсиққа урилиб пастликка ағдарилган ва ёниб кетган.

Оқибатда машина салонида бўлган тўрт нафар йўловчи ундан чиқа олмай ёниб кетган. Ҳайдовчи эса оғир тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.

Дастлабки суриштирувда, ҳайдовчи машина бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома олганига 4 ой бўлгани ва у ўша куни чарчаганига қарамасдан машинани бошқаришда давом этгани аниқланган.

Аввалроқ Тойлоқ туманида ҳайдовчи машинани каналга тушириб юбориб қочиб кетгани оқибатида уч киши вафот этганди. Улардан икки нафари вояга етмаган бола бўлган.

Мавзуга оид