Ўзбекистон | 07:36 / 13.05.2022
5615
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятини ривожлантириш дастури тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг “2022-2026 йилларда Сирдарё вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”и қарори қабул қилинди.

Фото: uzbekistan.travel

Norma’нинг ёзишича, беш йиллик даврда Сирдарё вилоятини ривожлантиришнинг комплекс дастури аҳоли ва тадбиркорларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Дастурда Сирдарё вилоятида 2022-2026 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ва саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,6 баравар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,3 баравар, хизматлар ҳажмини 3,2 баравар ҳамда қурилиш ишлари ҳажмини 1,5 бараварга ошириш назарда тутилган.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

аҳолини қийнаб келаётган мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”;

Сирдарё вилояти шаҳар ва туманларининг ихтисослашуви, “ўсиш нуқталари” ва “драйвер соҳалари”;

саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг йиғма параметрлари;

2022 йилда Сирдарё вилоятида муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича комплекс тадбирлар;

Сирдарё вилоятининг шаҳар ва туманларида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича шакллантирилган истиқболли лойиҳаларнинг манзилли рўйхати.

Мавзуга оид