Жамият | 13:07 / 20.05.2022
31650
1 дақиқада ўқилади

Наманганда ЙПХ ходими “шантаж” қилишга уринди

Ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходими ва фуқаро ўртасида тортишув акс этган тасвирлар тарқалди. Наманган вилояти ИИБ ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, тасвирдаги ҳолат 18 май куни Наманган шаҳар И.Каримов кўчасига тунги хизматга жалб этилган ЙПХ инспектори С.Аҳролов билан юз берган.

ЙПХ ходими томонидан ҳайдовчидан автомашинасини олд ва орқа ойналарини қорайтириб олгани сабабли ҳужжатларини текшириш мақсадида ҳужжатлари сўралган. Шу вақтда инспектор ва ҳайдовчи ўртасидаги мулоқот ёзиб олинган.

Ҳайдовчи тегишли ҳужжатларни тақдим қилган; машинанинг олд ва орқа ойналари ёруғлик ўтказувчанлиги мослама ёрдамида ўлчаб кўрилган. Олд ойнаси 51 фоиз ва орқа ойналари 100 фоиз экани аниқланиб, ҳайдовчига рухсат берилган.

“Ушбу ходим билан боғлиқ тарқалган видеолар бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, – дейилади хабарда.

Аввалроқ Наманганда ЙҲХБ ходими қонунга зид равишда ҳайдовчига электрошокер қўллаганди. Унга нисбатан ҳам хизмат текшируви тайинлангани айтилганди. Аммо натижаси ҳозирга қадар маълум қилинмади.

Мавзуга оид