Фан-техника | 22:24 / 21.05.2022
81363
4 дақиқада ўқилади

Энг оммабоп смартфонлар ва АҚШнинг гипертовушли қуроли – ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Энг оммабоп смартфонлар

IDC таҳлилчилари 2022 йилнинг биринчи чорагида дунё миқёсида энг кўп сотилган смартфонлар рейтингини эълон қилди.

Фото: Getty Images

Топ бешталикдан қуйидаги қурилмалар ўрин олган:

1. iPhone 13

2. iPhone 13 Pro Max

3. Samsung Galaxy A12

4. iPhone 13 Pro

5. Samsung Galaxy A32

Сотилган смартфонларнинг умумий сони ва ҳар бир моделнинг бозордаги улуши ошкор қилинмаган.

Apple ҳам USB-C тирқишга ўтмоқчи

Фото: Jeenah Moon/Bloomberg

Apple келажакдаги iPhone моделларини USB-C тирқиш билан жиҳозлаши мумкин. Шунингдек, Lightning улагичи учун мўлжалланган аксессуарларнинг келажакдаги смартфонлар билан ишлашига имкон берувчи USB-C адаптери ҳам ишлаб чиқарилади.

Янги смартфонларни USB-C’га ўтказиш 2023 йилдан бошлаб амалга оширилиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, компаниянинг бундай қарор қабул қилишига иккита сабаб бор: қурилмаларни тезроқ зарядлаш имкониятини яратиш ва Еврокомиссия томонидан қабул қилинган USB-C’ни смартфонлар ва бошқа қурилмалар учун ягона зарядлаш портига айлантиришни кўзда тутувчи қарор.

Apple Lightning улагичларидан бутунлай воз кечиши ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Solar City микроавтомобили

Фото: Squad Mobility

Голландиянинг Squad Mobility стартапи ўзининг биринчи электромобили – Solar City Car’ни тақдим этди. Электромобилнинг ташқи кўриниши голф машинасига ўхшаб кетади. Орқа томонига ўрнатилган бир жуфт электр моторнинг умумий қуввати 2 кВт. Компания маълумотларига кўра, бу электромобилга 45 км/соат тезликда ҳаракатланиш ва тахминан 100 километр масофани босиб ўтиш имкониятини беради.

Таъкидланишича, Solar City Car 2023 йилдан бошлаб ишлаб чиқарила бошланади ва нархи 6,5 минг долларни ташкил этади.

ТikTok’га ўйин ўйнаш функцияси қўшилади

Фото: Pixabay

ТikTok илова ичида ўйинларни синовдан ўтказишни бошлади. Ушбу функциянинг қўшилиши рекламадан келадиган даромаднинг ошишига ва фойдаланувчиларнинг кўпроқ вақт давомида платформада бўлишига ёрдам беради.

Манбаларга кўра, синов Вьетнамда HTML5 миниўйинлари билан амалга оширилмоқда. Бу мазкур мамлакатда 35 ёшгача бўлганлар улушининг юқорилиги ва техник саводхонлик кўрсаткичларининг баландлиги билан изоҳланган. Келажакда эса компания асосий эътиборини ByteDance томонидан ишлаб чиқилган ўйинларга қаратмоқчи.

Қайд этилишича, ўйинлардан тушган даромад платформа ва ишлаб чиқувчилар ўртасида тақсимланади.

АҚШ гипертовушли қурол синовини ўтказди

Фото: U.S. Air Force/Reuters

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари AGM-183A ARRW (Air-Launched Rapid Response Weapon) гипертовушли ракетаси муваффақиятли синовдан ўтказилганини эълон қилди

«Самолётдан ажралиб чиққанидан сўнг, АRRW блоки кутилган вақт давомида ёниб турди ва товуш тезлигидан беш баробар юқори гипертовуш тезлигига етди», — дейилади баёнотда.

АҚШ гипертовушли қуролларни ишлаб чиқиш билан шуғулланаётган ягона давлат эмас, уларнинг тезлиги ва ҳаракати кузатиш ҳамда тутиб олишни қийинлаштиради, деб ёзади Reuters агентлиги. 

Сув остидаги интернет кабелларидан зилзилаларни аниқлашда фойдаланилиши мумкин

Фото: AFP

Денгиз туби орқали ўтган интернет кабелларидан зилзилалар ва цунамиларни аниқлашда, шунингдек иқлим ўзгаришининг океан оқимларини қандай ўзгартиришини кузатиб боришда фойдаланиш мумкин.

Буюк Британиянинг Миллий физика лабораторияси (NPL) олимлари Буюк Британия ва Канада ўртасидаги оптик толали алоқа кабелларида синов тажрибасини ўтказишган.

«Ер юзасининг 70 фоизи сувдан иборат, аммо барча сейсмик станциялар қуруқликда, чунки денгиз тубига доимий сенсорларни ўрнатиш жуда қийин ва қиммат», дейди NPL ходими Жузеппе Марра.

Мавзуга оид