Ўзбекистон | 17:33 / 25.05.2022
7933
3 дақиқада ўқилади

Андижондаги кўприк таъмири бир йилдан бери тугатилмаяпти

“Ўтган сафар Наврўз байрамига битади дейишди. Кейин Ҳайит байрамига битади дейишди. Энди Мустақиллик байрамига деяпти”.

Бундан салкам бир йил олдин Андижон вилоятидаги Марҳамат ҳамда Булоқбоши туманларининг Кулла ва Ўқчи қишлоқларини боғлайдиган Аравансой кўприги сел оқими сабаб емирилиб, фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолган.

Автомобил йўллари худудий бош бошқармаси ахборот хизмати мазкур кўприк 2021 йилнинг 26 июлидан қурилиш ишлари бошланишини эълон қилади. Бироқ қурилиш ишлари бошланавермайди.

2021 йилнинг 22 сентябр куни эса Kun.uz сайти орқали мазкур кўприк қурилиши бошланмаётгани сабабли фуқаролар қийинчиликка дуч келаётгани ҳақида суриштирув эълон қилинади.

Ўшанда масъуллар кўприкни қуриб фойдаланишга топшириш учун беш ой муддат етарли бўлишини таъкидлаганди. Орадан эса саккиз ой ўтди. Кўприкда эса қурилиш ишлари сусткашлик билан давом этмоқда. Ваъдалар ваъдалигича қолган.

Одамлар ҳамон бозор қилгани, яқинларини ҳолидан хабар олгани 40 километр йўл босиб айланиб, ёки жонини хатарга қўйиб “қил кўприкдан” ўтишга мажбур.

Қўлбола йўлдан жонини хатарга қўйиб, қўшни туманга ўтаётган аҳоли билан суҳбатлашдик. Уларнинг қайд этишича, ҳаракатланиш учун ноқулай бўлган кўприк инсон ҳаёти учун ҳам хавфли бўлмоқда.

“Бузилганига бир йил бўлди. Униси келади, битмайди. Буниси келади, битмайди. Ўтган сафар Наврўз байрамига битади дейишди. Кейин Ҳайит байрамига битади дейишди. Энди Мустақиллик байрамига деяпти. Лекин мен бунга ишонмайман”, – дейди Муяссархон Носирова.

Андижон кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси бош муҳандиси Фарҳод Нурматов билан телефон орқали боғландик. Унинг айтишича, қурилиш ишлари учун маблағлар феврал ойида ажратилган.

Нурматовга кўра, кўприк сентябр ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бироқ Фарҳод Нурматов бизга бундан 8 ой олдин ҳам кўприк беш ойда фойдаланишга топширилишини айтган эди. Аҳоли ҳам бундай вадаларни кўп бора эшитганини ва ишонмасликларини таъкидлашди.

Икки туманни боғлаб турувчи мазкур кўприк қурилиш ишларини жадаллаштириш ва тезроқ якунига етказиш аҳолининг оғирини янада енгил қилган бўлар эди.

2021 йилда Kun.uz Шаҳрихон тумани Қўрғонча МФЙдаги абгор ва хавфли кўприк муаммосини кўтариб чиққан ва Президент селекторда ушбу кўприк тақдири билан қизиқиб, Андижон вилояти ҳокимидан изоҳ сўраган эди. “Алвасти кўприк” эса ўшандан сўнг таъмирланиб фойдаланишга топширилган эди. Бироқ Булоқбоши ва Марҳамат туманларини боғловчи кўприкда эса ишлар суст кетмоқда.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид