Жаҳон | 21:58 / 25.05.2022
25857
9 дақиқада ўқилади

Техасдаги оммавий қотиллик. Байден қурол лоббисига қарши курашишга чақирди

Американинг Техас штатидаги Ювалде шаҳридаги бошланғич мактабда рўй берган отишмада мактабнинг 19 нафар ўқувчиси ҳамда ўқитувчи аёл ҳалок бўлди, ҳужум қилган 18 ёшли йигит ҳам ўлдирилган. Яна 13 нафар бола шифохонага ётқизилган, уларнинг жароҳатлари турли даражада. 66 ёшли аёл ва 10 ёшли қизча оғир аҳволда.

Мактабдаги омон қолган болалар шаҳардаги ижтимоий марказга олиб кетилган

Ҳужум қилган шахс 18 ёшли Салвадор Ромас маҳаллий аҳоли вакили бўлиб, у отиб ўлдирилган. Маҳаллий нашрлар маълумотига кўра, у худди шу мактабнинг юқори синф ўқувчиси эди.

Шунингдек, айрим хабарларга кўра, у мактабга йўл олишидан олдин ўз бувисини ҳам отган, аммо кекса ёшли аёл омон қолган.

Мактабдаги фожиа ёзги таътиллар бошланишига икки кун қолганида рўй берди, шунинг учун сешанба ноодатий кунлардан бири эди: болалар ҳайвонот боғига бориш учун йиғилишган, ундан кейин аълочи ўқувчиларни тақдирлаш маросими ўтказилиши керак эди. Болалардан мактаб формасида эмас, ясаниб келиш сўралганди.

Энди мактаб ўқув йили якунига қадар ёпиқ бўлади.

Болалар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари назорати остида автобусга чиқарилмоқда
Marco Bello / Reuters / Scanpix / LETA

АҚШ президенти Жо Байден қурбонларнинг оила аъзолари билан бирга азадор эканини айтди ва қурол савдосини чекловчи қонун қабул қилинишига тўсқинлик қилувчи қурол лоббисига қарши зудлик билан чора кўришга чақирди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев содир бўлган отишма оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан президент Жо Байденга ҳамдардлик йўллади.

«Мотивлар номаълум»

Техас губернатори Грег Эбботтнинг сўзларига кўра, жиноятчи автомобилини мактаб ташқарисида қолдириб, бинога кирган ва ўт очган.

Фото: Reuters

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага кўра, у зирҳли нимча таққан, тўппонча ва AR-15 русумли яримавтомат милтиқ билан қуролланган, ўқдонлари тўла бўлган.

Хабар қилинишича, отишма чоғида у мактаб биносида ўзига баррикада қуриб олган.

Associated Press агентлиги маълумотига кўра, уни мактаб яқинида турган ва ўқ овозларини эшитгач мактаб ичига отилиб кирган АҚШ чегара хизмати ходими отиб ташлаган.

Яна икки чегарачи отишма чоғида яраланган. Улардан бирининг бошига ўқ теккан. Ҳозирда у шифохонада, унинг ҳаётига хавф йўқ.

Чегара патрули - АҚШга кириш пунктларини қўриқловчи федерал агентлик ҳисобланади. Мексика билан чегарадан 130 км масофадаги Ювалде шаҳрида чегара хизмати офиси жойлашган.

Ювалденинг ўзида 16 минг атрофида одам яшайди. Шундан 80 фоизи лотинамерикаликлар.

Техаслик сенатор Роланд Гутьеррес Ромас винтовкани 18 ёшга тўлиши биланоқ сотиб олганини маълум қилди.

Фото: Reuters

Ҳужум 7 ёшдан 10 ёшгача болалар ўқийдиган «Робб» мактабида содир бўлган. Мактабда камида 500 ўқувчи таҳсил олади. Мактаб ўқувчиларининг 90 фоизи испан тиллилар ҳисобланади.

Америка нашрлари ҳалок бўлган ўқитувчининг шахсини очиқлади: у Ева Мирелес бўлган, у 9-10 ёшли болаларни ўқитган. Мактаб сайтида унинг саҳифасидаги маълумотда, унинг турмуш ўртоғи ва коллежни тамомлаган қизи борлиги айтилган.

Округ полицияси бошлиғи отишма сешанба куни маҳаллий вақт билан 11:32 да (Тошкент вақти билан 21:32) бошланганини маълум қилган. Терговчиларнинг ҳисоблашича, қотил ёлғиз ҳаракатланган. Унинг мотивлари маълум эмас.

Фожиа содир бўлган вақтда АҚШ президенти Жо Байден президентлик самолёти бортида бўлган, у Осиёга сафаридан қайтаётганди, уни ўша заҳоти отишма ҳақида хабардор қилишган.

«Ҳамма нарсанинг чегараси бор»

Қоғозда отишма вақтида дарс бўлиши керак бўлган синфхоналар рўйхати келтирилган

АҚШ президенти қурбонлар хотирасига ҳамдардлик белгиси сифатида Оқ уй ва бошқа жамоат биноларидан байроқни тушириб қўйишга кўрсатма берган. Байроқлар 28 май куни кечгача туширилган ҳолатда туради.

Оқ уйга етиб келгач, Байден мамлакатга мурожаат қилиб, америкаликларни қуролга эркин эгалик қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилувчи, катта таъсирга эга бўлган лоббичиларга қарши чиқишга чақирди.

«Умид қиламанки, мен президентлигимда бу иш такрорланмайди. Миллат сифатида ўзимиздан сўрашимиз керак: «Худо ҳаққи, биз қачон қурол лоббисига қарши турамиз?»

Мен бундан чарчадим. Биз ҳаракатга ўтишимиз керак. Менга биз бу қирғинга таъсир қила олмаймиз деб айтманг, деган АҚШ президенти.

АҚШ президенти ҳаракатга келиш ва қурол лоббисини тўхтатиш вақти келганини айтди

У 18 ёшли йигит дўконга кириб, бемалол автомат сотиб олиши мумкинлигининг ўзи хатолигини айтди. «Бундай қирғин бутун дунё бўйлаб жуда кам содир бўлади», дея қўшимча қилади у.

«Яна ўнлаб ёш болалар содир бўлган воқеага гувоҳ бўлишди, дўстлари қандай ўлаётганини кўришди, худди жанг майдонидаги каби. Худойим. Улар умрининг охиригача шу билан яшайдилар», деди президент омон қолганлар ҳақида.

Қурол савдоси устидан назоратни кучайтириш зарурлиги ҳақида Техасдаги воқеа ҳақида маълум бўлиши биланоқ бошқа нуфузли демократлар ҳам фикр билдира бошлади.

«Барча нарсанинг чегараси бор», деди вице-президент Камала Ҳаррис. У келгусида бундай ҳолатлар қайталанишининг олдини олиш учун жасурлик намойиш этиб, «оқилона ва ўйланган» қарор қабул қилишга чақирди.

Президентликка собиқ номзод Ҳиллари Клинтон Америка «узлуксиз юракни эзувчи нолалар мамлакати»га айлангани ва энди ибодат қилиш ва қайғу чекишнинг ўзи етарли эмаслигини айтиб ўтди.

«Бизга шунчаки Америкада болаларимизни ўлдираётган қуролли зўравонлик балосини тўхтата оладиган қонунчилик керак», дея Техасдаги воқеага муносабат билдирди у твиттердаги саҳифаси орқали.

Ўз навбатида Техас штатидан бўлган сенатор, республикачи Тед Круз Ювалдедаги воқеани ҳақиқий даҳшат деб атаган ҳолда қурол савдоси бўйича қонунчиликни ислоҳот қилишга қаратилган чақириқларга ишончсизлик билан қараган ва бундай ислоҳотлар шу каби ҳужумларнинг олдини ололмаслигини айтган.

«Қонунга итоат этувчи фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклаш иш бермайди - бу самарасиз ва жиноятларнинг олдини ололмайди», деган у журналистларга ва қурол устидан назоратни кучайтиришга чақириб, «ўз сиёсий дастурларини илгари сураётган» сиёсатчиларни танқид қилган.

Сенатор олдинги тажрибаларга асосланган ҳолда, болалар ҳаётини хавфсиз сақлашнинг энг самарали йўли мактабларни қуролли қўриқчилар билан таъминлаш эканини айтди.

Жо Байден Оқ уй раҳбарлиги учун номзодини қўйганида у ўқотар қуроллар сотувида текширувни кучайтиришга ва йилига ўн мингга етувчи ўлим ҳолатларини камайтиришга ваъда берганди.

Аммо Байден ва унинг ҳамкасб-демократлари қурол сотиб олувчининг шахсини текшириш талабларини ўрнатишга эришиш учун Конгрессда етарлича овоз тўплай олишмади.

АҚШ ва қуроллардан фойдаланиш

АҚШда мактабларга қуролли ҳужумлар тез-тез учрайдиган фавқулодда ҳолатга айланган: таълим бўйича EdWeek журнали маълумотига кўра, ўтган йилда 26 та шундай ҳолат қайд этилган.

Бундай ҳужумлар ҳолатида қандай ҳаракатланиш бўйича тренинглар мактаб дастурининг бир қисмига айланган - бошланғич синфларга ҳам шундай дарслар ўтилади.

Сўнгги вақтларда бошланғич мактабга уюштирилган энг қонли ҳужум 2012 йилда Коннектикут штатидаги Сэнди-Ҳук мактабида кузатилганди. 20 ёшли йигит томонидан содир этилган бу ҳужумда қурбон бўлган 26 кишидан 20 нафари 5-6 ёшли болалар эди.

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази томонидан ўтган ойда эълон қилинган маълумотга кўра, АҚШда ўқотар қуроллардан ўлим топган болалар сони илк бор ЙТҲ оқибатида вафот этган болалар сонидан кўпроқ бўлган.

Қароргоҳи Женевада жойлашган Small Arms Survey тадқиқот марказига кўра, Қўшма Штатлар дунёдаги энг қуролланган жамият ҳисобланади.

Америкадаги Gun Violence Archive нотижорат ташкилоти АҚШда 2022 йилнинг май ойида қурол қўлланиши билан боғлиқ 215 ҳолатни қайд этган, шундан тўққиз ҳолатда камида тўрт нафардан ортиқ одам вафот этган.

Қуйида бундай ҳолатларнинг айримлари:

  • 13 май: Вискон штати, Милуоки шаҳри марказидаги отишмада 16 киши яраланган. Беш киши ҳибсга олинган.
  • 14 май: Нью-Йорк штати Буффало шаҳрида ирқчилик руҳидаги оммавий қотилликда 10 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Отишма уюштирган шахс қўлга олинган.
  • 15 май: Калифорниянинг Лагуна Вудс шаҳридаги Тайван черковига уюштирилган ҳужумда бир киши ўлдирилган, тўрт киши яраланган.
  • 15 май: Техас штати, Хюстон шаҳридаги буюм бозоридаги отишмада икки киши ҳалок бўлиб, уч киши яраланган. Отишмага беш нафар эркак иштирокидаги келишмовчилик сабаб бўлган.

Мавзуга оид