Энергетика тарифлари кўтарилиши: саволларга расмийлар жавоби
Инфратузилма эскириб кетган, самарадорлик жуда паст, аҳоли сони ва талаб эса йилдан йилга ошиб боряпти.
Масъулларга кўра, ўнлаб йиллар олдин қурилган ва ўнлаб йиллар таъмирланмаган инфратузилма эскириб кетган, бунинг барини эпақага келтириш учун эса миллиардлаб доллар пул керак. Бу пулни қандай топиш бўйича вариантлар эса саноқли: ё давлат бюджетидан сарфлаш, ё четдан қарз олиш ёки инвесторларни жалб қилиш.
Биринчи вариант амалда имконсиз (бюджетнинг қурби етмайди), иккинчиси эса мақсадга мувофиқ эмас (қарз олишнинг ҳам чегараси бор ва уни қайтариш ҳам керак), демак ягона йўл – соҳага хусусий инвесторларни жалб қилиш. Фойда олиш уёқда турсин, таннарх ҳам қопланмайдиган жойга эса инвестор келмайди.
Шунингдек, давлат монополияларидаги ўта паст самарадорликни кўтаришга хусусийлаштириш орқали эришиш мумкин. Қолаверса, тарифларни табақалаштириш бюджетдан бойларга субсидия тўланишини камайтиради.
Энергетика тарифларини ошириш бўйича Kun.uz саволларига жавоб берган расмийлар умумий қилиб айтганда юқоридагидек тушунтириш беришди.
Энергия ресурслари нархи ошишининг сабаблари нимада?
Қувончбек Мустафоев, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Ёқилғи-энергетика ва кимё саноатини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи:
— Электр энергияси ва табиий газ тарифларини қайта кўриб чиқиш ва нарх сиёсатини амалга ошириш бир неча сабаблар туфайли муҳим ҳисобланади. Булардан биринчиси – табиий газ қазиб чиқарувчи ва электр энергияси етказиб берувчи корхоналардаги техникалар эскирган, етказиб бериш жараёнидаги йўқотиш жудаям юқори.
Соҳадаги аксарият инфраструктура ва иншоотлар бундан 25-40 йил муқаддам қурилгани боис ўтказувчанлик кўрсаткичи паст даражага тушиб кетган. Бу зарур пайтда истеъмолчиларга эҳтиёжларидан келиб чиқиб, табиий газ ва электр энергияси тўлиқ етказиб берилишини чеклайди. Бу эса, албатта, тизимни янгилаш кераклигини кўрсатмоқда.
Бунинг учун жуда катта пул талаб этилади. Хусусан, режалаштирилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун 25 млрд доллар маблағ керак. Бу жудаям катта рақам. Агар ялпи ички маҳсулотимизга солиштирсангиз, бунга янада кўпроқ амин бўласиз.
Тармоқдаги муаммоларни ҳал қилиш учун иккита ечим бор: давлат томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан лойиҳаларни амалга ошириш ва соҳага хусусий инвесторларни жалб қилиш.
Ҳозирги шароитда бюджет маблағлари ҳисобидан ушбу лойиҳаларни амалга ошириш имконияти мавжуд эмас, шу билан бирга ташқи қарз ҳисобига ҳам бу ишларни қила олмаймиз. Бу мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги суверен рейтингига салбий таъсир қилишини инобатга олсак, олдимизда битта ечим қолади. Бу ҳам бўлса соҳани хусусийлаштириш, трансформация қилиш ва инвесторларни жалб қилиш.
Баҳодир Жўраев, Молия вазирлигининг Электр энергетика соҳасини трансформация қилиш бўлими бошлиғи:
— Нарх ошишининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, бугунги кунда энергия ресурсларига белгиланган нархлар бозор тамойилларига мос келмайди. Бунинг оқибатида эса соҳада фаолият олиб борувчи компаниялар зарар билан ишламоқда. Бунга мисол тариқасида “Ўзтрансгаз” АЖ 2021 йилни 2,5 трлн сўм зарар билан, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ эса 2,1 трлн зарар билан якунлашини келтиришимиз мумкин. Бу якуний истеъмолчиларга берилаётган нархларнинг қилинган харажатларни қоплай олмаслиги ҳисобига рўй бермоқда.
Жаҳон Банки консультантлари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижаларига кўра, электр энергия соҳасида якуний истеъмолчиларга белгиланган тарифлар ҳақиқатда қилинган харажатларнинг бор-йўғи 66 фоизини қоплаши айтилган. Табиий газда эса бу ҳолат янада ачинарли, атиги 46 фоиз.
Содда қилиб айтганда, энергия компаниялари 100 сўм харажат қилиб, истеъмолчиларга ўз маҳсулотини 66 сўмдан сотишмоқда. Ўртада юзага келаётган тафовут эса давлат томонидан субсидия қилиб берилмоқда. Бунинг оқибатида эса компаниялар йилни зарар билан якунламоқда.
Кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш қандай кўринишда амалга оширилади?
Қувончбек Мустафоев: Кўпчиликнинг хабари бўлса керак, яқинда Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси эълон қилинди. Ушбу лойиҳанинг асосий мазмуни энергия ресурсларининг нархларини қайта кўриб чиқиш билан бир қаторда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашни назарда тутади. Бу ерда давлат томонидан берилаётган ёрдамнинг манзилли етиб боришини таъминлаш биринчи галдаги вазифа қилиб қўйилган.
Ҳозирда ҳаммамиз бир хил тарзда, субсидияланган нархдаги электр энергиясини истеъмол қиляпмиз. Яъни кўп истеъмол қиладиганлар ҳам, камроқ истеъмол қиладиганлар ҳам бир хил тарзда субсидия оляпти. Халқаро тажрибадан келиб чиқадиган бўлсак, давлат томонидан ажратилаётган субсидия ҳисобидан шаклланган нархлардаги электр энергия ёки табиий газ ҳақиқатда муҳтож одамларга етиб бориши керак, ҳамма учун бир хил бўлиши керак эмас. Шу сабабдан ҳам бутун республика бўйлаб ижтимоий норма жорий қилинмоқда.
Бу шуни англатадики, давлат томонидан субсидиялаш электр энергияси истеъмолида битта абонент учун ойига 250 кВс, табиий газ бўйича октябр-март ойлари учун 700 куб метргача, апрел-сентябр ойлари учун 200 куб метргача этиб белгиланмоқда. Мана шу истеъмол нормаларигача ишлатадиган аҳоли қатлами учун нарх ўзгариши деярли сезилмайди. Чунки нарх ошиши 30 сўмни ташкил этмоқда.
Электр энергияси истеъмоли бўйича 250 кВт соатгача ишлатадиган абонентлар ҳозиргига қараганда 7 минг сўм кўпроқ пул тўлайди. Рақамлар кўрсатмоқдаки, нарх сезиларли даражада қимматлашмаяпти.
Умуман, ижтимоий меъёрлар қандай белгиланди, деган ҳақли савол пайдо бўлиши мумкин. Ҳозирда ҳамма хонадонларда ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилган. Ушбу қурилмалар ойлик истеъмол миқдори бўйича марказлаштирилган тартибда маълумотларни тақдим қилиб боради. Ҳисоб-китобларимизга кўра, республика бўйича аҳолининг 80 фоизи 200 кВт соатгача электр энергияси истеъмол қилади. Лекин мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи тўғри келади. Қолган 70 фоиз электр энергияси эса 20 фоиз абонентлар томонидан истеъмол қилинмоқда.
Қўпол қилиб айтганда, 10 та олма бўлса ва бу 10 нафар одамга бўлиниши керак бўлса, 8 нафар одам 3та олмани бўлишиб еяпти, қолган 2 нафар одам эса 7та олмани истеъмол қилмоқда. Бу ерда тенгсизлик бор.
Шунингдек, жами хонадонларнинг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг бор-йўғи 35 фоизи тўғри келади. Кўриниб турибдики, баъзи аҳоли қатлами давлат томонидан ажратилаётган субсидиядан жудаям кўп миқдорда фойдаланмоқда.
Қарор лойиҳасида манзилли субсидиялашга алоҳида эътибор берилмоқда. Ижтимоий меъёр даражасида табиий газ ва электр энергия истеъмол қиладиганларга давлат субсидияси кўпроқ ажратилади.
Нарх ошиши натижасида истеъмолчиларнинг харажатлари ўртача қанчага ортиши ҳисоблаб чиқилганми?
Баҳодир Жўраев: Электр энергияси учун таклиф этилаётган янги нархлар ижтимоий норма доирасида: ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм (амалда 295 сўм эди), 250 кВт соатдан юқори ҳар 1 кВт соат учун – 650 сўм этиб белгиланмоқда.
Табиий газда эса иситиш мавсумида ҳар бир абонент учун ойига 700 куб метргача – 410 сўм (амалда 380 сўм), 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1200 сўм қилиб янги нархлар жорий қилинмоқда. Иситиш мавсумидан ташқари ойларда эса, 200 куб метргача истеъмол учун – 410 сўм (ҳозир 380 сўм), 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1200 сўмдан тўловларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Энди ҳар бир абонент учун нархлар ошиши қандай таъсир қилади, деган саволга жавоб берсам. Масалан, битта абонент шартли равишда бир ойда 250 кВт соат электр энергияси ишлатади. Мазкур истеъмолчи ҳозиргига нисбатан 7,5 минг сўм кўпроқ тўлайди. 400 кВт соатгача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун эса қўшимча харажат ойига 61 минг сўмгача бўлади.
Иситиш мавсумида 700 куб метргача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 21 минг сўмгача, 1 000 куб метргача истеъмол қилувчи абонентлар учун эса қўшимча харажат ойига тахминан 260 минг сўмдан ошиқроқни ташкил этади.
Ижтимоий норма киритилаётганининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, одамларда истеъмол маданияти ҳам шакллана бошлайди. Содда қилиб айтадиган бўлсак, қачонки нархлар одамларнинг чўнтагига таъсир қилаётган бўлса, ўйлашни бошлайди. Энергия ресурсларимиз чегараланган, уларнинг қадрига етишимиз керак. Бу ислоҳотларни ҳозир амалга оширмасак, келажак авлод учун ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.
Ижтимоий меъёрдан ташқари нархлар таннарх билан баробарми ё даромади юқори қатламга субсидия тўлаш қисқарса ҳам, барибир давом этадими?
Қувончбек Мустафоев: Янгиланаётган нархлар таннарх даражасида эмас. Ижтимоий меъёрдан ортиқча истеъмол қилинган энергия ресурслари нархида ҳам қисман субсидия бор. Нархлар таннарх даражасида бўлиши учун яна 2-3 йил тариф сиёсати ислоҳ қилиниши керак.
Баҳодир Жўраев: Қўшимча тарзда шуни айтишимиз мумкинки, белгиланаётган нархларнинг таннарх даражасида бўлиши учун бу ерда бозор механизмлари ишлаши керак. Шундагина таннархни қоплаш даражасига етишимиз мумкин ва бу жиҳатлар муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасида назарда тутилган.
2026 йилдан бошлаб энергетика ресурслар етказиб бериш тўлиқ бозор механизмига ўтиши режа қилиняпти. Режа қилинган ислоҳотлар натижасида давлат томонидан ажратилаётган шартли субсидиялар миқдори ҳозиргига қараганда камаяди. Мазкур маблағларни эса бошқа ижтимоий соҳаларга йўналтириш имконияти пайдо бўлади.
Шу ўринда истеъмолчилардан муҳокамага қўйилган Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этишни сўраб қоламиз.
Достон Аҳроров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Мавзуга оид
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
21:29 / 29.10.2024
Жиззахда 8,6 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган “метан заправка” аниқланди
15:54 / 29.10.2024