Ўзбекистон | 16:20 / 07.06.2022
18280
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳридаги марказий кўчада йирик ёнғин чиқди

Ёнғин бошланганидан икки соат ўтиб уни жиловлашга муваффақ бўлинган.

Самарқанд шаҳридаги марказий кўчалардан бири бўлмиш Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган маиший хизмат кўрсатиш ва савдо дўконларида кучли ёнғин содир бўлмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ёнғин соат 14:00 ларда бошланган. Ҳодиса жойида 15 тага яқин махсус техника ҳамда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари ишламоқда. ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари тартиб сақлаш ишларига жалб қилинган.

Ёнғин катта ҳудудни қоплаб олган ва икки соат ўтибгина уни жиловлашга муваффақ бўлинган. «Динамо» стадиони ёнида жойлашган Давлатобод кўчасидаги хизмат кўрсатиш биносидан бошланган ёнғин Мирзо Улуғбек кўчасидаги биноларга ўтиб кетган.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ёнғин электр тармоқларида қисқа туташув оқибатида келиб чиққан.

ФВВ матбуот хизмати Самарқанд шаҳар «Фаровонлик» МФЙ М.Улуғбек кўчасида жойлашган «ВЕРБАТИМ» МЧЖ ва ва «БАХТ» МЧЖ биносидаги ёнғинни ўчириш учун соат 14:03да 8 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 14:30 да қуршаб олингани ва соат 16:20 да бартараф этилгани ҳақида хабар берди. Шунингдек, ёнғинга вилоят Ободонлаштириш бошқармасининг техникалари ҳам жалб этилган. 

Ёнғин натижасида бинонинг тахминан 200 кв.м. майдонда томи ва шифт қисми ёниб зарарланган. 

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмади. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид