Самарқанддаги антиқа бино: уни қурган эгаси нима дейди?
Самарқанд туманининг Жўйсой маҳалласида барпо этилган 12 қаватли меҳмонхона биноси ижтимоий тармоқларда катта мунозара келтириб чиқарди. Kun.uz ушбу бинони қурган эгаси билан суҳбатлашди.
Интернетдаги айрим фикрларга кўра бино беўхшов чиққани кулги ва танқид остига олинган бўлса, айримлар бино чиройли экани борасида тортишиб, у асло бузилмаслиги кераклиги ҳақида фикр билдиришди.
Шаҳарсозлик ва урбанистика бўйича машҳур рус блогери Илья Варламов ҳам ҳаттоки бу бино борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Бундай шедеврни бузиб ташлашни хато деб биламан. Уни дидсизлик ва бошбошдоқлик даврига қўйилган ҳайкал сифатида сақлаб қолиш керак», деган Варламов.
Қурилиш вазирлиги ушбу бино қурилиши бўйича ўз муносабатини билдириб, «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ ва қурилиш назорати ҳудудий инспекцияси ходимлари томонидан 2022 йил 6 май куни бинонинг сейсмик ҳолати ўрганиб чиқилиб, бинонинг ҚМҚ, ШНК талабларига жавоб бермаслиги ва колонналарнинг айрим жойлари дарз кетганлиги ўз тасдиғини топган ҳамда бинони бузиш бўйича хулоса берилганини эълон қилган.
Аввалроқ Kun.uz мухбири ушбу бинони ўз хонадонига тегишли ер майдонида барпо этган тадбиркор Фурқат Халилов билан учрашиб, дастлабки маълумотларни олган эди. Суҳбат асносида Ф.Халилов бино қурилиши учун 3 миллион доллар пул сарфлагани, унинг лойиҳасини япониялик архитекторларга чиздирганини баён этган.
Биз Интернетдан Японияда дарҳақиқат шу стилда қурилган бир эмас иккита бино борлигини топдик. Улардан бири Токиодаги Диснейлендда жойлашган «Tower of terror» (Террор минораси) бўлса, иккинчиси Шиме шаҳрида жойлашган ташландиқ, бир пайтлар кўмир шахтасининг минораси бўлиб хизмат қилган, бугунги кунда «Anti-Zombie Fortress» (Зомбиларга қарши қалъа) деб аталаётган бинодир.
Жаҳонда бундай ноадатий меҳмонхоналар жуда кўп. Самарқанддаги бинога ўхшаб беўхшов қурилган кўп қаватлиси Нидерландияда жойлашган экан. Ташқи томонидан 70 та алоҳида уйлар фасадига эга Inntel Zaandam меҳмонхонаси Нидерландия пойтахти остонасидаги Зандам шаҳарчаси рамзига айланган. Уйлар бир-бирининг устига миндириб ясалган 11 қаватли ҳотелни кўпчилик меъморчилик даҳшати деб ҳисоблайди.
Ушбу ҳотелни лойиҳалашда архитектор Вилфред ван Винден Клод Моненинг «Зангори уй» картинасидан илҳомланган. У бир вақтнинг ўзида эскича ва футуристик бино қуришни истаган. Натижада, маҳаллий уйларни такрорловчи қарийб 70 та алоҳида фасаддан иборат қўпол бино чиққан. Inntel ҳозир туристик нуқтага айланган.
Ажаб эмас, Самарқанддаги бу меҳмонхона ҳам бузилмасдан қолса, ўз фаолиятини бошлаб, шаҳардаги туристик нуқталардан бирига айланса.
Маълум бўлишича, бино қурилиши 2012 йилда бошланган. 2015 йилга келиб бетон ишлари тўлиқ тугатилган. 2015-2017 йилларда безак ишлари амалга оширилган. Бино тўлиқ қора сувоқдан чиқарилган. Айни пайтда унинг ташқи безак ишлари тугаган, айрим қаватларда ички безак ишлари ҳам тугалланган. Бинонинг томи мансарда усулида ёпилган ва уч қаватдан иборат бўлади. Мансарда қисмида ресторан ва кафелар жойлашиши назарда тутилган. У ерга бинонинг ён томонидан алоҳида лифт тўғри 10-қаватга чиқариб қўяди.
Бизни Фурқат Халилов кутиб олди ва қурган биносининг ертўласига бошлади. Икки қаватли Ертўла кондиционерлар билан совитилар экан. Бинонинг бу қисмидан Ф.Халилов 2016 йилдан буён ҳўл мева сабзавотлар сақлаш учун фойдаланиб келар экан.
Бинонинг 1-2-3-қаватлари сувенир дўконлари бўлади. 4-қаватдан 9-қаватгача меҳмонхона бўлади. Санузели жуда кенг бир ва икки кишилик хоналар, юқорироқ қаватларда люкс хоналар ва оилаларга мўлжалланган апартаментлар бўлади. Меҳмонхонада мўъжаз кинозал, пул алмаштириш шохобчаси, гўзаллик салони ҳам назарда тутилган.
Фурқат Халилов бинони япониялик архитекторларга чиздирган лойиҳаси асосида қурдирган. Бино қурилган 25 сотих жой Ф.Халиловнинг ота-онасидан мерос ҳуқуқи билан унга ўтган. Унинг ота-боболари қадимдан шу ерда истиқомат қилиб келишади.
Бинони қуриш учун ҳокимнинг қарори ёки бошқа тегишли давлат органларининг рухсатлари олинмаган. Шунчаки, уй атрофида истиқомат қилувчи 5 та қўшнининг розилик хати олинган.
Бугунги кунга келиб, Фурқат Халилов бинони қонуний расмийлаштириб ололмасдан сарсон бўлмоқда. У Қурилиш вазирлигига мурожаат қилган. Вазирлик зарур ўлчов ишларидан сўнг бинони тегишли тарзда фойдаланишга қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида жавоб хати ҳам жўнатган.
Туман ҳамда вилоят қурилиш ва архитектура соҳасига масъул расмийлар ундан пора ҳам сўрашган. Поранинг миқдори 50 минг АҚШ доллари деб белгиланган. «Мендан пул сўраганларнинг иккитаси қамоқда ҳозир», деди Ф.Халилов.
«Агар менинг қурган бином ноқонуний қурилган деб топилса, уни бузишга кўнаман. Лекин мен бировга ёки давлатга тегишли бўлган, ноқонуний эгалланган ер участкасида эмас, ўзимга тегишли хонадоннинг ер участкасида қурдим. Унинг остидаги уйда ҳозир ҳам бола-чақам билан қўрқмасдан яшаяпман. Чунки бино мустаҳкам қурилганига 100 фоиз ишончим комил. Буни турли экспертлик ташкилотлари асбоб-ускуналар билан ўлчаб ҳам тасдиқлашган», — деди Ф.Халилов.
Уй эгаси шу пайтгача мурожаат қилган хатлари, мурожаатларига жавоб хатларини кўрсатди. Самарқанд туман ҳокимлиги бинони ноқонуний деб топиш ва уни буздириш учун судга мурожаат қилиб, муваффақиятсизликка учраган. Айни пайтда туман ҳокимлигининг даъво аризаси қаноатлантирилмаслиги тўғрисида суднинг якуний ажрими бор.
Бино Интернетда машҳур бўлгач, Канаданинг Қозоғистондаги элчиси Алан Ҳамсон ҳам Самарқандга келиб кўриб, у билан танишиб кетган.
Юқорида қайд этилганидек, «СВП МАСКАН» МЧЖ 2016 йилдан 2022 йилгача 4 марта бинони тўлиқ асбоб-ускуналар билан тадқиқ этган. Дастлабки тадқиқотдан сўнг бинонинг ёнидан чиқиб турган консол қисмини тиргак устунлар билан кучайтириш борасида тавсиялар берилган ва улар амалга оширилган.
«СВП МАСКАН» МЧЖнинг 2021 йилги хулосасида ўтган 5 йил ичида бинода ҳеч қандай нуқсон кузатилмагани қайд этиб ўтилган. Ф.Халиловнинг айтишича, 2017 йилда Ургутда кучли ер қимирлаганда ҳам бинога ҳеч қандай зиён етмаган. МЧЖнинг якуний хулосасида бинонинг мустаҳкамлиги таъминлангани ва уни эксплуатацияга топшириш мумкинлиги қайд этилган.
«Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖнинг эълон қилинган хулосасидан сўнг Ф.Халилов «СВП МАСКАН» МЧЖга хат билан мурожаат қилади. МЧЖ жавоб хатида ўз фикрларини билдириб ўтган.
Жумладан, «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ институти ходимлари бинонинг, бино конструкциялари ва бошқа ўлчамларини ўлчаб кўришмаган. Меҳмонхона биноси тўлиқ каркасли бўлса-да, АЖ тадқиқотчилари «ҳар хил конструктив схема» деб кўрсатишган. Бино 2016 йилда қуриб битказилган бўлса-да, унинг техник ҳолати 2019 йилда қабул қилинган меъёрий ҳужжат асосида, кўз билан чамалаб баҳоланган.
Бинонинг мустаҳкамлиги, зилзилабардошлиги ва эксплуатация қилиниши ёки қилинмаслиги ҳақида хулоса бино тўлиқ асбоб-ускуналар билан тадқиқ қилиниб, тадқиқот натижалари (бетон мустаҳкамлиги, арматуранинг мустаҳкамлиги ва конструкцияларнинг ўлчамлари) компютерда фазовий ҳисоблаш асосида қилиниши мумкин. «СВП МАСКАН» МЧЖ мутахассислари томонидан берилган хулосада юқорида келтирилган барча масалалар ечилган. Бундан ташқари бинонинг горизонтал юклар (сейсмика, шамол босим) таъсирига устуворлиги ҳам текширилган.
Бажарилган тадқиқот ва ҳисоблар натижасида «СВП МАСКАН» МЧЖ мутахассислари томонидан бинонинг эксплуатация қилишга яроқлилиги тўғрисида хулоса берилган.
Фурқат Халиловнинг ҳикоя қилиб беришича, унинг ота-боболари яшаб келган уй 2008 йилда ёниб кетади. Шу пайтлари тадбиркорлик билан шуғулланиб юрган ва олтинчи марта касод бўлган йигит, агар Аллоҳ яна менга катта бойлик берса, албатта одамларга ва оиламга фойдаси тегадиган уй қураман, деб ният қилади. Кўриб турибмизки, унга яна Худо берган ва у бугунги кунда у ўз ниятига етган. Агар қурилиш ишларига рухсат бериладиган бўлса, Ф.Халилов уни янги йилгача фойдаланишга топширишини айтди.
Дарҳақиқат, қад ростлаган бинони бузишдан осони йўқ. Уни бино қилиш игна билан қудуқ қазишдек мушкул иш. Агар аниқ асбоб-ускуналарда ўлчов ишлари олиб борилиши натижасида бино чиндан ҳам хавфли ва мустаҳкам эмас, деб топиладиган бўлсагина у бузилиши керак. Акс ҳолда, олти йилдан буён қимирламасдан, чўкмасдан, ёрилмасдан турган бино ҳужжатлаштириб берилиши лозим. Ичкарисини кўриб, айланиб чиқдик, бир қарашда ўта функционал ва қулай қилинган.
Қурилиш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ёки бошқа тегишли идоралар бу ишга панжа ортидан қарамасдан, махсус ишчи гуруҳ ташкил қилиб, текшириш ишларига жиддий киришиб, масалани бир ёқли қилишлари керак бўлади.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Тасвирчилар: Жаҳонгир Алибоев, Фахриддин Ҳотамов
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024
Самарқанд вилояти аҳолиси 4,3 млн кишига яқинлашди
15:49 / 02.10.2024