Ўзбекистон | 13:14 / 11.06.2022
12298
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бу йил 50 та кичик ГЭС қурилишини бошлаш режалаштирилган

Шавкат Мирзиёев раислигида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, йиғилишда ҳудудларда микро ва кичик ГЭСлар қуриш учун майдонлар белгиланиб, жами 56 мегаваттли 200 та лойиҳа ишлаб чиқилгани таъкидланди (йилига 202 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилади).

Бунда:

500 киловаттгача бўлган ГЭСларда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг бошланғич харид нархи тадбиркорлар учун жозибадор тарифларда белгиланади;

лойиҳа учун ер участкаси аукцион ғолибига узоқ муддатли ижарага берилади.

Шу билан бирга, 1 мегаваттгача қуёш ва шамол, 5 мегаваттгача микроГЭСларнинг ортиқча электр энергияси камида 10 йил давомида давлат томонидан кафолатли харид қилинади.

Йил якунига қадар Андижон вилоятида 15 та, Наманганда 10 та, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида 6 тадан, Самарқанд, Сирдарёда 2 тадан, Бухоро, Жиззах, Фарғонада 1 тадан лойиҳани бошлашга кўрсатма берилди.

Умуман, мамлакат гидроэнергетика салоҳиятини ҳисоб-китоб қилиб, хусусий шериклик лойиҳаларини бошлаш топширилди.

Мавзуга оид