Ўзбекистон | 09:05 / 20.06.2022
17950
2 дақиқада ўқилади

Баҳром Ҳайдаров ҳибсдалигида қабул қилинган қарор ва фармойишлар бекор қилинди

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаровнинг ҳибсда пайти қабул қилинган қарор ва фармойишлар бекор қилинди.

Фото: Андижон шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Kun.uz хабар берганидек, собиқ ҳоким 6 июн куни қўлга олиниб, 7 июнда суд ажрими билан қамоққа олинган, шу икки кун давомида у томонидан имзоланган дея кўрсатилган 26та ҳужжат “E-qaror” тизимига жойлаштирилган.

Адлия органининг қайд этишича, 6 июн куни соат 9:43 ва 21:18 оралиғида ҳамда 7 июн куни 18:10 ва 21:07 оралиғида ҳокимлик девонхонаси мудири С.Қодиржонов ҳоким Ҳайдаровга тегишли электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда “E-qaror” платформасида 26 та қарор ва фармойишни имзолаганлиги ва Ҳайдаровнинг “E-qaror” электрон тизимидаги шахсий кабинети “Uzinfocom” МЧЖ мутахассислари томонидан блокланганлиги хабар қилинган эди.

Андижон шаҳрига тайинланган янги ҳоким Ғофуржон Абдураҳмоновнинг илк имзо қўйган қарорига асосан 6 ва 7 июн кунлари қабул қилган қарор ва фармойишлар бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Баҳром Ҳайдаров Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи сифатида жиноий шериклари билан бюджетнинг 48 млрд сўмини талон-торож қилишда гумонланяпти.

6-7 июн кунлари унинг номидан 26та ҳужжат имзоланган бўлиб, улардан 19таси – ер участкаларини онлайн аукционга чиқариш ҳақида. 

14 июн куни эса халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ғофуржон Ғуломжанович Абдураҳмонов шаҳарнинг янги ҳокими этиб тайинлангани эълон қилинган эди.

Мавзуга оид