Ўзбекистон | 20:53 / 23.06.2022
37810
4 дақиқада ўқилади

Тўпаланг сув омборидаги авария: ваҳима учун асос борми?

22 июн куни Сурхондарё вилояти Тўпаланг сув омборида тошқин юз бергани, одамлар саросимага тушиб қолгани ҳақида хабарлар ва тасвирлар тарқалди. Kun.uz мухбири воқеаларга доир маълумотларни йиғиб, кичик суриштирув ўтказди.

Аниқланишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода «Тўпаланг» гидро электр станцияси агрегат ускуналари жойлашган бино сув тошқини остида қолгани акс этган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан скриншот
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан скриншот

Тарқалган видеоларда эрталаб соат 8:14 да сув босишидан ваҳимага тушган сариосиёликлар ўз яшаб турган манзилларини тарк эта бошлагани тасвирланган. Маълумотларга кўра, одамлар баланд тоғда яшовчи қариндошлариникига, бошқалари қўшни туман ва вилоятларга йўл олишган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан скриншот
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан скриншот

Воқеадан кўп ўтмасдан, эрталаб соат 10:30 лар атрофида масъуллар одамларни тинчлантириб, вазият юзасидан чиқиш қилишди. «Тўпаланг ГЕС» унитар корхонаси директори Асрор Улуғов сув омборида ҳаммаси жойида эканини айтди. 

«Одатдагидек назорат-ўлчов ишлари олиб борилмоқда. Сув омборида ҳеч қандай хатарли ҳолат бўлгани йўқ. Сув омборидан Тўпаланг дарёсига сувнинг қуйилиши сониясига 600 метр куб ҳажмга мўлжалланган. Ҳозирги кунда сув омборидан дарёга сониясига 160 метр куб сув ташланмоқда. Ҳеч қандай ваҳимага ҳожат йўқ», — деди Асрор Улуғов.

Асрор Улуғов ва подполковник Раҳмонов

«Тўпаланг ГЭС»да содир бўлган ҳолат юзасидан станция раҳбари шундай деди: «Сувнинг чиқиши 1–1,5 соат ичида бартараф этилади. Сизларга яна қўшимча маълумот узатамиз».

Мутахассиснинг айтишича, Тўпаланг сув омбори сиғими 500 миллион метр куб бўлиб, айни кунда 378 миллион метр куб сув жамғарилган.

Сариосиё туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи подполковник Раҳмонов текширувларга кўра ҳеч қандай ваҳимага тушишга асос бўладиган вазият кузатилмаётганини айтиб ўтди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳам фуқаролардан ваҳимага тушмасликни, саросимага берилмасликни сўради.

Вилоят ҳокими Тўра Боболов

«Тўпаланг сув омбори тўғонида ҳеч қандай талафот йўқ. Носозлик сув омборидан «Тўпаланг ГЭС»га кирадиган қисмида юзага келган. Носозликларнинг барчаси бугуннинг ўзида, қисқа вақтда бартараф этилади. Фуқароларимиздан ваҳимага тушмасликларини илтимос қиламиз», — деди Тўра Боболов.

Масъулларнинг чиқиши ва тушунтиришига қарамасдан, 23 июн куни сув отилиб чиқиши борасида фейк видео тарқалди ва Сариосиёда яна аҳоли ўртасида ваҳима жонланган.

Тарқатилган фейк видеодан лавҳалар

Масъулларнинг чиқишидан ҳам, тарқатилган видеолар ва Kun.uz манбаларининг берган маълумотларидан ҳам маълум бўлмоқдаки, Тўпаланг сув омбори ёрилмаган. Унинг тўғони бус-бутун.

Воқеа жойи харитаси

Сув омбордан «Тўпаланг ГЭС» агрегатига борадиган қувурнинг задвижкаси ёрилгани сабабли, қувурдан керагидан ортиқча сув отилиб чиққан. Мутахассислар задвижкани ёпишга ҳаракат қилишган. Бироқ ҳамон туйнукни тўлиқ ёпишнинг уддасидан чиқишмагани боис, катта босим остида сув фаввора бўлиб отилиб чиқяпти (Буни қисилган резина шлангдан сувнинг отилиши билан қиёслаб тушунтиришди).  

Орқа фонда — ГЭС агрегати йўлида отилаётган сув

22 июн куни сониясига 40 куб метр отилган сув ҳажми 23 июн кунига келиб, сониясига 10 куб метргача пасайган. Бунинг фарқини қуйидаги иккита суратдан ҳам яққол кўриш мумкин.

Тўпаланг дарёсига сув омбордан келиб қуйилаётган сувнинг икки кунлик ҳолати

Мутахассислар Тўпаланг сув омборига ҳеч нарса таҳдид солмаётгани, унинг тўғони мустаҳкам эканини таъкидлашмоқда. Сув омбордан ГЭСга элтувчи қувурда носозлик вужудга келган, хавф бартараф этилган. Энди мутахассислар носозликни тўлиқ бартараф этиш устида иш олиб боришмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид