Жаҳон | 21:08 / 25.06.2022
13324
2 дақиқада ўқилади

Италиядаги шаҳарда қурғоқчилик сабабли фавворалар ўчирилди 

Ломбардия области ҳокимияти қурғоқчилик боис фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди.

Фото: AFP

Милан мэри Жузеппе Сала қурғоқчилик сабабли шаҳар фаввораларини ўчириш ва майсаларни суғоришни тўхтатиш тўғрисида фармойиш берди.

Саланинг ижтимоий тармоқларда ёзишича, фуқаролар "сувдан фойдаланишни минимум даражагача камайтиришлари сўралади". Шунингдек, шаҳардаги фавворалар ўчирилади, майсаларни суғориш тўхтатилади. Фақат қимматбаҳо дарахтлар томчилатиб суғорилиши мумкин. 

Шу билан бирга, Сала шаҳардаги сув ичиш учун мўлжалланган фавворалар ишлашда давом этишини таъкидлади. 

Дўконлар, офислар ва уйларда ҳароратни 26 даражадан пасайтирмаслик тавсия қилинмоқда.

Аввалроқ Ломбардия области ҳокимияти қурғоқчилик боис фавқулодда ҳолат режимини эълон қилганди. Ломбардия президенти Аттилио Фонтананинг "сув танқислиги билан боғлиқ оғир вазият" туфайли чиқарилган буйруғига кўра, фуқаролар сувдан ўта тежамкор ва самарали усуллар ёрдамида фойдаланишлари лозим.

Италия қишлоқ хўжалик вазири Стефано Патуанеллининг сўзларига кўра, мамлакатда қурғоқчилик билан боғлиқ "драматик вазият" юзага келган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид