Жамият | 19:00 / 27.06.2022
26367
2 дақиқада ўқилади

Салқин ҳаво, шалдироқ сой, ажойиб тоғлар — иссиқда боришга арзийдиган Ғова

Ғова қишлоғи Наманган вилояти, Чуст туманининг шимолий қисмида, қўшни Қирғизистон билан чегара ҳудудда тоғ оралиғида жойлашган. Тиниқ ва зилол сув оқувчи Ғовасой, мусаффо ҳавоси билан Ғова қишлоғи узоқ йиллардан буён водий аҳлининг дам олиш, ҳордиқ чиқариш масканига айланиб улгурган.

Бу ерда аҳоли асосан деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик ва асаларичилик билан шуғулланади.

Қишлоқ ҳудуди катта қисми тоғ билан туташиб кетгани, қишлоқ ўртасидан сой оқиб ўтгани ва аҳоли томонидан кўплаб дарахтлар экилгани ҳудуднинг салқин ҳавосини таъминлайди.

Шу боисдан ҳам ёзнинг иссиқ кунларида Андижон, Фарғона ҳамда Наманганнинг бошқа туманларидан ва Чуст туманининг бошқа қишлоқларидан ҳам Ғовада дам олиш учун келишади.

Қишлоқ картошка етиштиришга ихтисослаштирилган бўлиб, Ғовада картошка экмайдиган хонадонни топиш амримаҳол. Деҳқончиликнинг қизиқ томони шундаки, экинни ерга қадаш, унга ишлов бериш ва ҳосилни йиғиш ишлари от ва эшаклар ёрдамида амалга оширилади.

Қишлоқда картошка шунчалик кўп экиладики, мавсумда қишлоқ ҳудудида картошкани улгуржи сотувчи алоҳида бозор ташкил қилинади. Деҳқонларнинг айтишича, баъзида бу бозордан кунига 500 тоннагача картошка бошқа ҳудудларга сотилар экан.

Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал дейишганидек, Ғова қишлоғини ҳам ўз кўзингиз билан кўришни тавсия этамиз.

Суратлар муаллифи – Боймирза Халилов

Мавзуга оид