Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳокимларга кластерлар ички ишига аралашиш тақиқланади — президент
Кластерлар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари кучайтирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида пахта ҳосилдорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинган йиғилишда кластерлар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари кучайтирилиши белгиланди.

Аввало, ҳокимларга кластерларнинг ички иш фаолиятига аралашиш тақиқланади.
«Кластер ўз иши билан шуғулланса, туманда саноат, иш ўринлари, экспорт ва даромад бўлади.
Буни тушунмаган ҳокимлар эса кластерларни кун давомида мажлисма-мажлис олиб юриш, бошқа ишларга жалб қилиш билан овора», деди президент.
Янги кластерларни ташкил этиш тартибига ҳам ўзгартириш киритилади.
Бундан буён битта туманда кўпи билан 2 та кластер ташкил этишга рухсат берилади (ҳозир – 3 тагача).
Пахтачилик кенгаши

Олимларимиз яратган 100 центнергача ҳосил берадиган пахта навлари (Бухоро, Равнақ, Порлоқ, Султон) кластерларга етказилмаяпти, деҳқон ва фермерларимиз қайси ҳосилдор уруғларни экишни ва уларни қаердан олишни билмаяпти.
Сўнгги йилларда кундузги ва тунги ҳарорат бир хил бўлиб қолаётгани, янги турдаги ҳашоратларнинг кўпайиб бораётгани ушбу шароитга чидамли навларни кўпайтиришни тақозо қилмоқда.
Йиғилишда ғўзани ўғитлашни ўзгартириш, гербицид ва пестицидларни ҳам тартибга солиш вақти-соати келгани қайд этилган.
Шу боис президент ҳузурида Инновация вазири И.Абдураҳмонов бошчилигида Пахтачилик кенгаши ташкил этилиши белгиланди. Кенгаш:
- ҳар йили ҳосилдор ва эртапишар навларни ҳудудлар кесимида кўпайтириш ва экишни ҳар бир кластер бўйича белгилаб беради;
- иқлим ва ҳарорат ўзгаришларига мос бўлган ўғитлаш схемасини ишлаб чиқади, гербицид ва пестицидлар қўллашни тартибга олади;
- кейинги йилларда ҳашоратлар энг катта муаммо бўлишини инобатга олиб, уларга қарши курашиш бўйича ҳар бир ҳудудга мос агротехнологияларни ишлаб чиқади.
Уруғ тайёрлаш цехлари

Йил якунига қадар ҳар бир кластерда уруғчилик, тупроқ таҳлили ва биолабораториялар ҳамда уруғ тайёрлаш цехлари ишга туширилади.
Давлат-хусусий шериклик асосида Андижон, Бухоро ва Сурхондарёда Пахтачилик институти ва Геномика марказининг уруғчилик ва агротехнология корхоналари ташкил қилинади.
Шунингдек, ҳар бир кластер йил якунига қадар тупроқ унумдорлигини таҳлил қилиб, ер майдонлари паспортини ишлаб чиқиши ва ҳосилдорликни ошириш чораларини белгилаб олиши кераклиги таъкидланди.
Президент барча кластерлар сувни илм билан тежаб ишлатиши шартлигини қайд этди.
Сўнгги икки йилда 169 минг гектар пахта майдонларида томчилаб суғориш жорий қилинди. Йил якунига қадар 160 минг гектар, келгуси йилда ҳам яна шунча пахта майдонида томчилатиб суғоришни жорий қилиш вазифаси қўйилди.
Томчилатиб суғориш

Агар томчиталиб суғоришни жорий этиш соҳасида эркин рақобат бўлса, илм билан ёндашилса, ушбу технологияни жорий этиш харажатини гектарига 15-20 миллион сўмга бемалол тушириш мумкин (ҳозирда 27 миллион сўм).
«Лекин, катта фожиа – айрим раҳбарлар бу эзгу ислоҳотга ўзига яқин таъминотчилар ва билимсиз одамларни аралаштиряпти. Шу орқали коррупция бошлангани ҳақида менда етарли маълумотлар бор», деди президент.
Молия ва Сув хўжалиги вазирликларига бир ҳафта муддатда:
- янги ишга туширилган электрон порталга ҳамма таъминотчиларни киритиш;
- таклиф қилинаётган сув тежовчи технологиялар нархи ва хизматлар сифатини баҳолаб борадиган шаффоф тизим яратиш топширилди.
Бунда энг мақбул шартлар ва нархларни фермерларнинг ўзи танлайди.
Ишлаб чиқарувчи эса камида 3 йил фермерга сервис хизматини кўрсатишни кафолатлаши шарт.
Умуман, кластерлар ҳамкор фермерлари билан бирга олган даромадидан бир қисмини жамғариб, ички ирригация тизимини яхшилашни ҳам йўлга қўйиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Мавзуга оид
12:30 / 27.05.2025
Мебел маҳсулотлари хомашёси учун бож ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади
12:26 / 26.05.2025
Биржага чиқариладиган олтин ҳажми оширилади
12:18 / 26.05.2025
Якка тадбиркорларга тилла буюмлари билан савдо қилишга рухсат берилади
11:46 / 26.05.2025