Ўзбекистон | 12:39 / 28.06.2022
11806
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда 2 тонна наркотик йўқ қилинди

26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни. Сана муносабати билан 27 июнда ДХХ томонидан 1 тонна 933 кг 695 гр наркотик моддалари ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинди.

Бу наркотиклар Ўзбекистон чегарасидан олиб кирилаётган ёки мамлакат ичида ноқонуний равишда сотилаётган вақтда мусодара қилинган.

Шунингдек, мазкур жараёнда кичик лабораторияларда яратилган турли хил синтетик моддалар ҳам аниқланиб, ёқиб юбориш учун олиб келинган.

Масъуллар берган маълумотга кўра, гиёҳвандлик воситаларининг 133 кг 713,5 грамми героин, 159 кг 478 грамми опий, 1 тоннадан ортиғи гашиш, 300 кг 786 грамми марихуана, 79 кг 842,5 грамми кўкнор, 247 кг 150,4 грамми каннабис ҳамда турли хилдаги психотроп, психофаол моддалар ҳисобланади.

Мазкур наркотик моддаларини йўқ қилишда хорижлик экспертлар ҳам кузатувчи сифатида иштирок этди.

Жараёнда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази мутасаддилари ҳам бевосита қатнашиб, Ўзбекистондаги нарковазият ҳақида маълумот беришди.

Шерзод Арапов, Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази халқаро бўлим бошлиғи:

— Ўзбекистон шимолий йўлакча бўйлаб транзит мамлакат ҳисобланади. Қўшни Афғонистонда етиштирилган афғон опиоидларининг ўтишида ҳам транзит бўлиб қоляпти. Ўтган йили (2021 йил) БМТнинг Наркотик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси берган маълумотларига кўра, Афғонистоннинг 177 минг гектар майдонида жами 6 800 тонна кўкнори етиштирилган. Бугунги кунда дунё миқёсида мана шу опиоидларнинг 90 фоизи афғон опиоидлари ҳисобланади. Биз ҳам бевосита чегарадош эканлигимиз, албатта, ишимизни анча мураккаблаштиради.

Қолаверса, қўшни Тожикистон, Қирғизистон ҳудудларидан гиёҳвандлик моддаларининг кириб келиш ҳолатлари, контрабанда йўли билан олиб киришга уриниш ҳолатларини кўряпмиз.

Олдинги йилларда биз кузатмаган янги ҳолатлардан бири бу – Ўзбекистонда ҳам янги нарколабораторияларнинг фош қилингани бўлди. Ўтган йилнинг ўзида мана шундай 4-5 та нарколабораторияларни ҳуқуқ-тартибор идораларининг фош қилганига гувоҳ бўлдик”.

Гиёҳвандлик воситаларини ёндиришдан олдин, мутасаддилар ҳақиқатан наркотик моддалари ёндирилаётганини кўрсатиш мақсадида бир қанча экспериментларни ўтказишди.

Маҳлиё Валиқулова, ДХХ ходими:

— Бугунги тадбиримида гиёҳвандлик воситалари махсус тестлар орқали текширилди. Яъни наркотик воситаси: героин, опий ёки бошқа турдагилари мазкур тест (махсус пластик қопчиқлар)га солиниб, унда жойлашган индикатор босилса, ҳар хил турдаги ранглар пайдо бўлади. Бу ранглар гиёҳванд модданинг асли гиёҳвандлик воситаси эканини аниқлаб беради. Бу тадбирда ҳақиқатан гиёҳвандлик воситалари ёқилганини мазкур тестлар орқали билиб олдик.

Маълум қилинишича, “Қорадори – 2021” тадбирида жами 6199 кв.м. майдонда таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликлар экилгани аниқланган. Ҳолатлар кесимида бу 1055 тани ташкил қилади. Бунда 873 кв.м. майдондаги ёввойи наша ўсимликлари йўқ қилинган.

Шунингдек, 2021 йил давомида Ички ишлар вазирлиги бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда 6701 та, Давлат хавфсизлик хизмати эса 992 та наркожиноятларни аниқлашган.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид