Унинг “танка”си борми? Навоий кўчасида ноқонуний қурилиш бўляпти
Тошкентдаги Чорсу бозори яқинида, собиқ “ГУМ”нинг рўпарасида кетма-кет китоб дўконлари жойлашган. Узоқ йиллардан бери бу ерда китоблар ва ўқув қуроллари сотилади. Яқинда номаълум фирма ана шу дўконлар қаторини тўсиб, берухсат конструкция қурган; ҳозир эса уни бузиш ҳақида кадастр органининг талабини бажармаяпти.
Бошланган қурилиш бу ерда анчадан бери ишлаб келаётган дўкондорларда эътироз уйғотяпти. Оқ соябонга ўхшаш конструкция ичида аллақачон бошқа савдогарлар жойлашиб, савдосини бошлаган.
“Бунақанги соябонлар кўпайиб, бутун бир қаторни эгаллаб олади-ку, шундай бўлса, бизнинг дўконлар тўсиб қўйилади”, – дейди ўша ерда китоб сотиш билан шуғулланувчи маҳаллий тадбиркор.
“Бу қурилишни қилаётганлар китоб соҳасига яқин тижоратчилар эмаслиги кўриниб турибди. Бунинг устига қурилиш ноқонуний, чунки ҳеч қаердан рухсат олинмаган. Ёнғин хавфсизлиги бошқармасига мурожаат қилдик, улар бу қурилишга рухсат бермаган. Кадастр агентлигига ҳам мурожаат қилганмиз, улар ҳам бу қурилишнинг ҳеч қандай ҳужжатсиз эканини тасдиқлашди.
Бузилиши учун вақт беришди. Бузишга берилган муҳлат тугаб бўлди, бузилишидан эса дарак йўқ. Ваҳоланки, агар ҳозир олдимга қурут сотадиган “будка”ни қўйсам, бир кунга қолмай ҳамма ташкилотлардан одамлар келиб, бу ишим ноқонуний эканини исботлаб бериб, ўзимни жаримага тортиб, яна бу қурилмамни ўзимнинг ҳисобимдан буздиради, шундай бўлишига аминман. Қонун нима сабабдандир шулар (соябонни қурганлар)га ишламай қолиши ғалати”, – дейди тадбиркор Жамолиддин Муҳаммаджон.
“Янги “будка” қуриб, янги иш ўринларини яратиш мумкиндир, лекин эски иш ўринлари нима бўлади? Бу нарса пайдо бўлгани учун 7 йилдан бери ишлаётган иш ўринлари қисқартирилиши керакми? Солиқ тўлаб турган ташкилотлар ёпилиши керакми?
Агар бу қурилиш амалга ошса, биз худди омбордек бўлиб қоламиз. Бу ерга аҳоли ўтмайди, савдо ҳам қила олмаймиз, ахир бир хил нарса сотамиз”, – деб таъкидлайди бошқа бир маҳаллий тадбиркор.
“Зебинисо” китоб дўконида ишлайман, шу вақтгача халқимизга китоб улашиб келяпмиз. Китоб савдоси билан шуғулланамиз. Дўконимиз ёнида шу ҳамкасблар билан бирга “яшил ҳудуд” барпо қилдик. Лекин олдимизда ноқонуний объект қуришмоқчи, бунинг оқибатида бизнинг дўконлар тўсилиб қолади, иш фаолиятимизга ўз таъсирини кўрсатади. Шунинг учун биз бу нарсага жуда қаршимиз”, – дейди китоб сотувчиларидан бири.
Kun.uz китоб дўконларининг олдидаги қурилиш қанчалик қонуний экани, қолаверса, ернинг кимнинг балансида-ю, тадбиркор қандай ҳужжат асосида у ерда қурилиш бошлаганини билиш мақсадида Кадастр агентлигининг Шайхонтоҳур тумани бўлими ҳамда туман ҳокимияти қурилиш бўлими вакиллари билан суҳбатлашди.
Азизбек Тўлқинов, Шайхонтоҳур тумани кадастр бўлими етакчи инспектори:
— Чорсу мавзеси 42-уй олдида юридик шахс томонидан соябон қурилгани аниқланган. Бу бўйича фуқароларнинг мурожаати келиб тушган. Ҳолат юзасидан жойига чиқиб ўрганиш натижасида ўзбошимчалик билан эгалланган жойда ноқонуний тарзда соябон қурилаётгани аниқланган.
Соябон қурилган жой давлат балансидаги ер ҳисобланади. У ер ҳеч кимга тегишли эмас, ҳеч қандай рухсат ва ҳуқуқий ҳужжатсиз соябон қурилган. Ҳозирда атрофлари ёпилиб, дўкон сифатида фойдаланиш ҳаракатида экан.
Айни вақтда суд қарорини кутяпмиз, шунга асосан чора кўрилиши кўзланган. Биз уларга нисбатан огоҳлантириш берганмиз, бу муаммо бартараф этилиши учун 15 кун муҳлат берганмиз, лекин 15 кун ичида бартараф этилмагани учун судга даъво аризаси киритилган, шу қарорга асосан тегишли чоралар кўрилади.
Kun.uz боғланган Шайхонтоҳур туман ҳокимлигининг қурилиш бўлими вакили пойтахт марказидаги бу ноқонуний қурилиш эгалари ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.
Дилшода Шомирзаева,
Муҳиддин Нидо,
Kun.uz
Мавзуга оид
17:02
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024