Россия Одесса яқинидаги курортни ўққа тутди, 20 киши ҳалок бўлди
Жума кунига ўтар кечаси Россия авиацияси Одесса шаҳри атрофидаги курорт посёлкасига учта ракета йўллади. Ракеталардан бири тўққиз қаватли уйни қисман вайрон қилган, яна иккитаси дам олиш масканларига келиб тушган. Ҳужум оқибатида 20 киши ҳалок бўлган, улардан бири 11 ёшли бола, яна 40 нафарга яқин киши яраланган. Қурбонлар сони ортиб бормоқда.
Зарбалар Белгород-Днестровск районига, Одессадан 80 км жанубда жойлашган Сергеевка посёлкасидаги дам олиш масканларига берилган.
Тўққиз қаватли уйда қутқарувчилар ишни якунлашган, аммо дам олиш базасида ишлар давом этмоқда - маҳаллий расмийлар харобалар орасида яна одамлар қолган бўлиши мумкинлигини хабар қилган.
Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизматига кўра, яраланганлар орасида олти нафар бола ва бир ҳомиладор аёл бор, харобалар остидан саккиз киши қутқариб олинган, уларнинг уч нафари болалар.
Қутқарувчилар маълумотига кўра, турар жой биносида 16 киши ҳалок бўлган, дам олиш маскани ҳудуди харобалари остидан тўрт жасад чиққан, улардан бири 11 ёшли бола бўлган. 38 киши яраланган.
Украина қуролли кучларининг «Жануб» оператив қўмондонлиги хабар қилишича, ўтган тунда Одесса областига Россиянинг Ту-22 бомбардимончи самолётлари томонидан учта ракета учирилган.
«Тунда Одесса областининг Белгород-Днестровск районига Ту-22 стратегик авиация самолётлари орқали Қора денгиз ҳаво ҳудудидан туриб учта Х-22 ракетаси учирилиши оқибатида кўп қаватли уй ва иккита дам олиш маскани нишонга олинган», дейилади хабарда.
Кремл Одессага зарбалар ҳақида: «РФ қуролли кучлари фуқаролик нишонлари бўйича ишламайди»
Кремлдагилар яна бир бор Россия армияси фуқаролик объектларини нишонга олмаслигини айтиб чиқди.
«Мен сизга яна бир бор президент ва РФ бош қўмондонининг Россия Федерацияси қуролли кучлари махсус амалиёт давомида фуқаролик нишонлари ва фуқаролик инфратузилмалари бўйича ишламаслиги ҳақидаги сўзларини эслатмоқчиман», деган Кремл расмийси Дмитрий Песков.
Украина ҳукумати Одесса областининг жумага ўтар кечаси ҳужумга учраган ҳудуди ҳарбий инфратузилмаларга алоқадор бўлмаганини таъкидламоқда.
Халқаро ташкилотларнинг кўплаб гувоҳликларига қарамай, Россия амалдорлари Россия армияси зарбалари натижасида тинч аҳолининг кўплаб вакиллари жабр кўраётганини инкор этиб келмоқда. Далиллар бўлса ҳам, Кремлдагилар бундай хабарларни «фейк ва провокациялар» деб атамоқда.
Тўққиз қаватли уй биносида 150-160 киши яшаган. «Уйнинг бир томони бутунлай шикастланган, қаватлардаги плиталар бузилиб кетган», дея ёзган Одесса ҳарбий маъмурияти вакили Сергей Братчук телеграм каналида.
Унинг сўзларига кўра, бу уйда қутқарувчилар одамларни қидириш ишларини якунлашган, аммо квартираларда нобуд бўлган жониворларнинг жасадлари қолмоқда, уларнинг кўпчилиги мушуклар, шунингдек вайроналар остидан кучукларнинг ҳуриши ҳам эшитилган.
Братчук дам олиш масканлари вайроналари орасида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкинлигини айтган.
«Россияликларнинг навбатдаги ракета зарбаси Одесса областидаги турар жой биноси ва дам олиш масканларига келиб тушди. Қурбонлар бор, улар орасида болалар ҳам. Террорчи мамлакат бизнинг одамларимизни ўлдирмоқда», дея ёзади телеграм каналида Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак.
Бу 24 соат ичида Одесса области бўйлаб йўлланган иккинчи зарба бўлди. Пайшанба куни Одесса области ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Марченко област ҳудудига иккита ракета келиб тушганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, бу зарбалар вайронгарчиликлар ва қурбонлар олиб келмаганди.
Пайшанба тонгида Россия гарнизони Одессадан бир неча ўн километр масофадаги Илон оролини (Змеийний) тарк этди. Бу Украина томонидан кетма-кет ҳужумлар ортидан рўй берди.
Урушнинг тўрт ойи мобайнида майдони 0,2 кв км бўлган бу оролча учун доимий жанглар бўлиб ўтди ва ҳарбий ҳаракатлар натижасида ўнлаб ҳарбийлар ҳалок бўлиб, кўплаб кемалар чўкиб кетди. Ҳозирги шароитда оролнинг стратегик аҳамияти баҳсли, аммо Россия уни Украинага бостириб киришининг илк кунларидаёқ эгаллаб, кейинги йўқотишларга қарамай ўз назоратида олиб қолишга ҳаракат қилганди.
Илон ороли учун жанглардаги энг машҳур эпизод 14 апрел куни Россиянинг Қора денгиз флоти флагмани, «Москва» крейсери чўкиб кетиши бўлганди.
Мавзуга оид
09:00
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга ишонтирмоқчи
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024