Ўзбекистон | 12:22 / 06.07.2022
40859
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда итни тириклайин куйдирган Хитой фуқаросига чора кўрилди

Ҳуқуқбузарга МЖтКнинг 111-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этгани туфайли маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Фото: Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Жиззахдаги цемент заводининг махсус кийимини кийиб олган шахс томонидан итлар тириклайин куйдирилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ҳодиса юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирди.

Унда ёзилишича, Зафаробод тумани ИИБ ходимлари томонидан хабар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилганда, итни тириклайин куйдирган шахс Хитойда туғилган, Зафаробод тумани “Чимқўрғон” ҚФЙда жойлашган “Xuaxin” ўзбек-хитой қўшма корхонасида механизатор бўлиб ишловчи Ман Минг эканлиги аниқланган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Зафаробод туман ИИБ ҳодимлари томонидан ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлган Ман Мингга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасида (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этгани туфайли маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Аввалроқ, Қашқадарё вилояти Китоб туманида жойлашган цемент заводида хитойлик ишчилар эшак сўйиб истеъмол қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати ҳодиса Китоб туманида содир бўлмаганини билдирганди.

Мавзуга оид