Жаҳон | 17:26 / 08.07.2022
11149
2 дақиқада ўқилади

Анголанинг собиқ президенти вафот этди

Жозе Эдуарду душ Сантуш 38 йил давомида Анголани бошқарган эди. У 80 ёшида Испанияда вафот этди.

Фото: EPA/MICHAEL KAPPELER

Жозе Эдуарду душ Сантуш 1942 йилда Ангола пойтахти Луанда шаҳрида туғилган. Мактабни тамомлаган заҳоти сиёсатга кириб келган. Анголани Португалия мустамлакасидан озод қилиш халқ ҳаракатига (Меҳнат партияси, МПЛА) аъзо бўлиб, партизанлик қилган.

1963—1969 йилларда Озарбойжон нефть ва химия институтида ўқиган. 

1970—1974 йилларда Анголадаги фуқаролар урушида иштирок этган.

1975 йилда Ангола мустақилликни қўлга киритгач, ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган. 

1979 йилда Анголанинг биринчи президенти Агостиньо Нето вафот этгач, унинг ўрнини эгаллаган. 

Давлат раҳбари сифатидаги 38 йиллик фаолиятида кўплаб сиёсий рақибларини йўқ қилган. Мамлакатнинг йирик молиявий-иқтисодий активларини назорат қилишда, кенг миқёсдаги коррупцияда, ҳокимиятни суиистеъмол қилишда кўп бора айбланган. 

Душ Сантуш кўп йиллар давомида СССР томонидан ҳарбий, сиёсий ва моддий томондан қўллаб-қувватланган. 1990 йилда марксизм-ленинизм ғоясидан воз кечиб, мамлакатда кўппартиявий ва бозор иқтисодиётига асосланган тизимни жорий қилган.

2016 йилда навбатдаги президент сайловида иштирок этмаслигини эълон қилган. 2018 йилда лавозимини тарк этган. Президентлик сайловида Мудофаа вазири Жуан Лоренсу ғалаба қозонган.

Жозе Эдуарду душ Сантуш сўнгги пайтда оғир хасталикка чалиниб, Испанияда даволанаётган эди.

Мавзуга оид